Гўштини бир кун, тухумини минг кун ейсан...
Фарғона вилоятида бугунги кунда 85 та паррандачилик хўжаликлари фаолият кўрсатиб келаётган бўлиб, жорий йилда мазкур тармоқда 33 та лойиҳа ишга туширилиши режалаштирилган.
Фарғона вилоятида бугунги кунда 85 та паррандачилик хўжаликлари фаолият кўрсатиб келаётган бўлиб, жорий йилда мазкур тармоқда 33 та лойиҳа ишга туширилиши режалаштирилган.
Паррандачиликнинг етти хазинага қиёсланиши бежиз эмас. Оддий уй шароитида товуқ парвариш қилган ҳар бир оила бу беминнат “дастёр”нинг хусусият ва имкониятларини яхши билади. Чунки у нафақат озиқ-овқат, балки саноат ва қишлоқ хўжалиги тармоқлари учун фойдали жиҳатлари билан ҳам ажралиб туради. Шу боис, юртимизда мазкур соҳани ривожлантириш, замонавий ва инновацион технологияларни ҳаётга татбиқ этиш, экспорт салоҳиятини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айниқса, ҳозирги пандемия шароитида паррандачилик тармоғини ривожлантириш озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда муҳим ўрин тутади. Шу билан бирга ишсиз қолган аҳоли даромад топиш имкониятига эга бўлди.
Маълумотларга қараганда, вилоятда бугунги кунда 2 миллион 400 мингдан зиёд парранда парвариш қилинмоқда. Айни кунларда қишлоқлардаги беш мингдан зиёд эҳтиёжманд оилалар товуқ боқишни йўлга қўйди.
Ўтган йилда вилоятда 8 миллион дона тухум экспорт қилинган бўлса, жорий йилда бу 40 миллион донага етказилади. Бунинг учун барча чора-тадбирлар ишлаб чиқилди.
Бешариқ туманидаги “Водий наслли парранда” фермер хўжалиги паррандачилик кластери ҳисобланади. Бу ерда катта тажриба яратилган бўлиб, айни кунларда тармоқни янада ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратиляпти. Хўжаликда Германиядан келтирилган 220 минг бош наслли товуқ парваришланмоқда. Иш жараёни тўлиқ замонавий мезонлар асосида йўлга қўйилган. Ўтган йилларда хориждан замонавий технологиялар олиб келиб йилига 300 минг бош жўжа очириш имконини берувчи мажмуа барпо этилди. Мажмуада бир пайтнинг ўзида 40 минг бош жўжа парваришлаш имкони ҳам бор.
Тармоқ фаолияти учун муҳим бўлган озуқа базасини яратиш мақсадида вилоят ҳокимлиги томонидан 500 гектар ер майдони ажратиб берилди. Бу импортни камайтириш ва экспорт ҳажмини оширишда алоҳида аҳамиятга эга. Чунки озуқа базаси авваллари асосан сотиб олинган бўлса, эндиликда фермер хўжалигининг ўзида етиштириш имкониятига эга бўлинди. Юқори қувват ва тўйимли озуқалар паррандаларнинг соғлом ва маҳсулдор бўлишида асосий омил ҳисобланади. Ҳозирда 350 гектар ер майдони ўзлаштирилди. Экин майдонлари мелиоратив ҳолатини яхшилаш, ҳосилдорлик миқдорини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бугун фермер хўжалигида иш жараёни қизғин.
– Бугунги пандемия шароитида давлатимиз томонидан тадбиркорлар, кластер корхоналари ҳар томонлама қўллаб-қувватланяпти, – дейди “Водий наслли парранда” фермер хўжалиги раҳбари Боҳиржон Турдалиев. – Шундай кунларда биз ҳам халқимизга мадад бўлишимиз керак. 100 та ишсиз, эҳтиёжманд оилаларни оталиғимизга олиб, зарур ёрдамни кўрсатиб келяпмиз. Ҳозирда уларнинг 30 нафарини иш билан таъминладик. Шунингдек, ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш марказига 40 минг донадан ортиқ тухумни беминнат етказиб бердик.
Вилоятда паррандачилик тармоғини ривожлантириш борасидаги бу каби саъй-ҳаракатлар аҳоли дастурхонини тухум ва парҳезбоп гўшт маҳсулотлари билан таъминлашга хизмат қилади.