Футзални ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди
Ўзбекистон футзал федерациясида ўтказилган йиғилишда мусобақаларни ташкил этиш ва ўтказиш регламенти талабларига тўлиқ риоя этилмаётгани, баъзи бир клубларда интизом масаласига етарлича эътибор қаратилмаётгани, айрим футзалчиларнинг регламентга зид равишда мамлакатимиз ва яқин хориж давлатларидаги тижорат турнирларида иштирок этаётганлиги танқид қилинди.
Ўзбекистон футзал федерациясида Олий ва Биринчи лига клублари директорлари ҳамда бош мураббийлари, вилоят футбол ассоциациялари вице-президентлари ва мутахассислар билан учрашув бўлиб ўтди.
Олий лига баҳслари сифатини янада ошириш, Биринчи лига мусобақаларига тайёргарлик кўриш, мамлакатимизда футзални ривожлантиришнинг устувор вазифаларини белгилаш ва йиллик тақвим иш режасини ишлаб чиқиш масалалари муҳокама қилинган йиғилишда Ўзбекистон футзал федерацияси президенти Бекзод Маматқулов мусобақалар савияси сезиларли даражада ошгани, мухлислар ва мутахассисларнинг чемпионатга қизиқиши ортиб бораётганини таъкидлади.

Жорий мавсумда клубларнинг профессионал мақомда қайта ташкил этилиши, ижтимоий-иқтисодий ва молиявий фаолиятини мустақил юритиши муҳим қадам сифатида қайд этилди.
Ҳудудларда футбол ассоциациялари билан ҳамкорликда ҳомийларни жалб қилиш ва маркетинг фаолиятини ривожлантириш борасида ижобий ўзгаришлар кузатилаётгани эътироф этилди.
Миллий ва ёшлар терма жамоаларининг салоҳиятини юксалтириш, халқаро майдонда юқори натижаларга эришишнинг муҳим омили экани қайд этилиб, келгуси йил терма жамоаларимиз учун масъулиятли давр бўлиши, жаҳон чемпионати йўлланмалари ўйналадиган 2028 йилги Осиё кубогига пухта тайёргарлик кўриш зарур эканлиги айтиб ўтилди.
Йиғилишда ютуқлар билан бир қаторда, футзал йўналишидаги камчиликлар танқидий муҳокама қилинди.

Хусусан, мусобақаларни ташкил этиш ва ўтказиш регламенти талабларига тўлиқ риоя этилмаётгани, баъзи бир клубларда интизом масаласига етарлича эътибор қаратилмаётгани, айрим футзалчиларнинг регламентга зид равишда мамлакатимиз ва яқин хориж давлатларидаги тижорат турнирларида иштирок этаётганлиги танқид қилинди.
Бу, нафақат клублар манфаатларига, балки спортчиларнинг саломатлигига хавф туғдириши, футзалчилар билан боғлиқ нохуш ҳолатларда клуб ва федерация зиммасида масъулият борлиги, клубларнинг маркетинг, тарғибот ва ташвиқот фаолиятини кучайтириш, матбуот хизматлари имкониятидан самарали фойдаланиш ҳамда мухлислар билан ишлаш тизимини такомиллаштириш зарурлигига эътибор қаратилди.
Кенгайтирилган йиғилишда муҳокама қилинган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилиниб, масъулларга аниқ вазифалар белгилаб берилди.
Т. Рўзиев, ЎзА