Футзал истеъдодлари сараланди
Сирдарё вилоятида Ўзбекистон футзал терма жамоалари учун муносиб захирани шакллантиришга қаратилган навбатдаги селекция босқичи ўтказилди. Ўзбекистон футзал федерациясининг "Истеъдодларни излаймиз" лойиҳаси доирасида ташкил этилган саралаш жараёнида вилоятдаги спорт мактабларида таҳсил олаётган иқтидорли ёш футзалчиларнинг маҳорати баҳоланди.
Гулистон олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказининг 4-тип спорт мажмуасида бўлиб ўтган саралаш ишларида Ўзбекистон футзал федерацияси Терма жамоалар билан ишлаш департаменти раҳбари Дилшод Раҳматов, ёшлар ва ўсмирлар терма жамоалари мураббийлари Нодир Элибоев ҳамда Шуҳрат Тожибоевлар иштирок этишди.
Синов машғулотлари давомида ёш спортчиларнинг техник маҳорати, жисмоний тайёргарлиги, тезкорлиги, тактик фикрлаши, майдонда қарор қабул қилиш қобилияти ва жамоавий ҳаракатлари синчиклаб таҳлил қилинди. Ҳар бир иштирокчининг имкониятлари мутахассислар томонидан алоҳида баҳоланиб, кейинги босқичларга тавсия этиладиган истеъдодли футзалчилар саралаб олинди.

Лойиҳанинг асосий мақсади ҳудудлардаги иқтидорли ёшларни эрта аниқлаш, уларнинг маҳоратини тизимли равишда ривожлантириш ва мамлакатимиз ёшлар ҳамда ўсмирлар терма жамоалари учун муносиб захирани шакллантиришдан иборат. Бу орқали иқтидорли футболчиларнинг профессионал спортга йўл олиши учун кенг имкониятлар яратилмоқда.

Мутахассисларнинг фикрича, “Истеъдодларни излаймиз” лойиҳаси нафақат ёш футзалчиларни кашф этиш, балки ҳудудларда футзални оммалаштириш, мураббийлар фаолияти самарадорлигини ошириш ва селекция тизимини янада такомиллаштиришда ҳам муҳим аҳамиятга эга.

Сирдарёдаги саралаш босқичи иқтидорли ёшлар учун катта спортга ташланган навбатдаги муҳим қадам бўлди. Энди саралаб олинган спортчилар кейинги босқичларда ўз имкониятларини намоён этиб, мамлакат терма жамоалари сафидан ўрин олиш учун кураш олиб боради.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири