Футзал: 9 ой давомидаги ишлар таҳлил қилинди
Мамлакатимизда футзал йилдан-йилга аҳоли ўртасида оммалашиб бормоқда. Айниқса, футзал бўйича жорий йилги Олий лига баҳслари ҳар қачонгидан ҳам қизиқарли ва ўзига хос тарзда бошландики, бу, мухлису мутахассислар эътирофини қозонди.
Ўзбекистон футзал федерациясининг 9 ойлик фаолияти сарҳисоби ва Олий лига мусобақаларининг дастлабки учта тур якунларига бағишланган йиғилишда амалга оширилган ишлар қаторида келгуси режалар белгилаб олинди. Терма жамоалар олдида турган долзарб масалалар муҳокама қилинди.

Ўзбекистон футзал федерацияси раиси Бекзод Маматқулов ўтган давр мобайнида мамлакат миллий чемпионатининг 3 та тур ўйинлари Тошкент, Андижон ва Жиззах шаҳарларида уюшқоқлик билан ўтказилганини таъкидлади. Янги мавсумдан Олий лига жамоаларига 30 нафардан зиёд легионерлар жалб этилаётгани айтиб ўтилди.
Йиғилишда мавжуд камчиликлар таҳлил қилинди. Айрим жамоалар мусобақа Регламенти талабларини тўлиқ бажармаётгани, клубларда тиббиёт ва матбуот хизматлари фаолият кўрсатмаётгани, баъзи жамоаларнинг мусобақаларга тўлиқ мураббийлар штабисиз иштирок этиши, ёш ва истеъдодли ёшларни кашф этиш ишлари танқид остига олинди.

Бу, нафақат ички мусобақалар даражасига, балки ўсмирлар ва ёшлар терма жамоаларининг халқаро майдонлардаги иштироки натижаларига ҳам салбий таъсир кўрсатиши қайд этилди.
Муҳокамалар жараёнида юртимиз футзалчиларининг Саудия Арабистонида ташкил қилинадиган VI “Ислом бирдамлиги” ўйинлари ва ўсмирлар терма жамоасининг Баҳрайнда бўладиган ёшлар ўртасидаги III Осиё ўйинларида муносиб натижаларга эришишига эътиборни қаратиш борасида масъулларга аниқ вазифалар юкланди.
Тадбир якунида футзал бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоасининг эртага, 16 октябрь куни Қозоғистон терма жамоасига қарши ўтказадиган халқаро ўртоқлик учрашувига тайёргарлик ишлари кўриб чиқилди.
Т.Рўзиев,
ЎзА