2026 йилнинг 1-18 апрель кунлари Таиланд мезбонлигида қизлар ўртасида футбол бўйича U-20 Осиё кубогининг финал босқичи бўлиб ўтади. Қитъамизнинг нуфузли мусобақасида иштирок этиш учун ҳозирда Осиёнинг 8 та давлатида саралаш баҳслари олиб борилмоқда.
Ана шундай саралаш беллашувларининг “G” гуруҳи ўйинларига Тошкент шаҳри мезбонлик қилмоқда. Мусобақанинг илк учрашуви бугун, 6 август куни Тошкентдаги “Дўстлик” стадионида ташкил этилади. Унда соат 17:30 да Иордания ва Шимолий Мариана ороллари терма жамоалари ўзаро куч синашади.

Куннинг иккинчи беллашувида эса Вадимир Панов бошқарувидаги Ўзбекистон U-20 қизлар терма жамоаси майдонга тушади. Қизларимиз соат 20:30 да Баҳрайн терма жамоасига қарши биринчи турдаги баҳсни ўтказади.
Иккинчи турда футболчи қизларимиз 8 август куни Шимолий Мариана ороллари термасига қарши майдонга тушади. Саралаш босқичидаги сўнгги учрашув эса 10 август куни Иорданияга қарши бўлади.
Ўзбекистон терма жамоасининг барча ўйинлари “Дўстлик” стадионида соат 20:30 да бошланади. Гуруҳдаги қолган учрашувлар ҳам шу стадионда бўлиб ўтади ва уларнинг старт вақти 17:30 этиб белгиланган.
Терма жамоамиз учун бу мусобақа Таиланддаги финал босқичига йўл олиш йўлидаги муҳим синов вазифасини ўтайди.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА