Европа Чемпионлар лигаси мусобақасининг саралаш босқичидан ўрин олган барча учрашувлар ўз якунига етди. Турнирнинг асосий босқичига 36 та клуб йўл олди. Бугун, 28 август куни мазкур мусобақага қуръа ташлаш маросими бўлиб ўтади. Ушбу маросим Тошкент вақти билан 21:00 да старт олади.
***

Ўзбекистон кубоги чорак финалидан ўрин олган "Динамо" ва "Шўртан" учрашуви 3:0 ҳисобида якунланган бўлса, "Бухоро" 4:2 ҳисобида "Бунёдкор"ни таслим этди. Шу тариқа, кубокнинг ярим финалида қуръа натижасига кўра, "Бухоро" – "Сўғдиёна" ва "Пахтакор" – "Динамо" жамоалари ўзаро рақобатлашадиган бўлди. Ушбу учрашувлар сентябрь ойида бўлиб ўтади.
***
Германия кубогида "Веен" – "Бавария" жамоалари ўзаро рақобатлашди. Учрашувнинг 16-дақиқасида Ҳарри Кейн ҳисобни очган бўлса, 51-дақиқада Майкл Олисе орадаги фарқни 2 тага етказиб қўйди. Мезбонлар вакили Фатих Кая 64 ҳамда 70-дақиқаларда гол уриб, ҳисобни тенглаштирди. Бироқ, ўйиннинг 90+4-дақиқасида Ҳ.Кейн ўзининг иккинчи голига муаллифлик қилди ва “Бавария”нинг 3:2 ҳисобидаги ғалабасини таъминлади.
***

Англия Лига кубогининг биринчи босқичида Рубен Аморим бошчилигидаги "Манчестер Юнайтед" кутилмаганда "Гримсби Таун"га қарши ўйинда 2:2 ҳисобида дуранг қайд этиб, пенальтилар сериясида 12:11 ҳисобида мағлуб бўлди. Ушбу учрашувдан сўнг, Англия Лига кубогининг 3-раундига қуръа ташланди. Учинчи босқичда турли дивизионлардан 32 та жамоа иштирок этади. Учрашувлар сентябрнинг иккинчи ярмида, икки ҳафта давомида ўтказилади.
***
Хабарингиз бор, 30 августдан 8 сентябрга қадар Ўзбекистонда "CAFA Nations Cup" турнири ўтказилади. Мазкур турнирда Ўзбекистон, Қирғиз Республикаси, Туркманистон, Ўмон, Тожикистон, Эрон, Афғонистон ва Ҳиндистон терма жамоалари иштирок этади. Мусобақанинг 2023 йилдаги чемпиони Эрон терма жамоаси таркиби эълон қилинди.

Унга кўра, Муҳаммад Халифа, Саид Саҳарҳизан, Даниял Ири, Муҳаммад Меҳди Заре, Жавод Ҳусайннажот, Амир Муҳаммад Раззоқния ва Ризо Гандипур Олимпия терма жамоасидаги иштироки сабабли миллий терма жамоа йиғинида қатнаша олмайди.
Шунингдек, Саид Иззатуллоҳий, Сардор Азмун, Муҳаммад Каримий, Мажид Ҳусайний, Али Голизода ва Меҳди Гаэди жароҳатлари туфайли, Алиризо Бейранванд эса дисквалификация сабабли иштирок этмайди.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА