АҚШ, Канада ва Мексика давлатларида ўтказиладиган футбол бўйича 2026 йилги Жаҳон чемпионатининг финал босқичига қуръа ташлаш маросими шу йилнинг 5 декабрь куни АҚШдаги Жон Кеннеди номли санъат ижрочилари марказида ташкил этилади.
Қувонарлиси, ушбу қуръада ўз тарихида илк маротаба мундиалга чиққан Ўзбекистон терма жамоаси ҳам ўз гуруҳи ва ундаги рақибларини билиб олади. Турнирнинг илк ўйини 2026 йилнинг 11 июнь куни Мехикодаги "Ацтека" стадионида, финал ўйини эса 19 июль куни ўтказилади.
***
Франция чемпионатининг 2-туридан ўрин олган “ПСЖ” ва "Анже" ўртасидаги беллашувда парижликлар 1:0 ҳисобида ғалаба қозонди ва очколарини 6 тага етказиб олди. Ушбу чемпионатда бугун бир қатор учрашувлар ўтказилади.
***

Англия Премьер-лигасининг 2-турини бошлаб берган "Челси" ва "Вест Хэм" жамоалари баҳси 5:1 ҳисобида ўз якунига етди. Энди "Челси" навбатдаги учрашувини 30 август куни "Фулхэм"га қарши ўтказади.
***
Германия Бундеслигасининг 1-турида амалдаги чемпион "Бавария" клуби "РБ Лейпциг" билан ўз майдонида рақобатлашди. Учрашувда мезбонлар рақиб дарвозасини жавобсиз олти бор ишғол қилди.

Ёзги трансферлар ойнасида “Бавария” сафига келиб қўшилган Луис Диас чемпионатдаги илк голини урди. Олисе дубль қайд этган бўлса, Англия терма жамоаси ҳужумчиси Харри Кейн хет-трик муаллифи бўлди.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА