Ўзбекистон ва Озарбайжон U-20 жаҳон чемпионатини қабул қилиши мумкин
2027 йил футбол бўйича U-20 миллий терма жамоалар иштирокида ўтказилиши режалаштирилаётган жаҳон чемпионатига Ўзбекистон ва Озарбайжон мезбонлик қилиши мумкин.
Бунинг учун Халқаро футбол федерациялари ассоциацияси (ФИФА) куни кеча Ўзбекистон ва Озарбайжон футбол ташкилотлари йўллаган ҳамкорликда чемпионатни ўтказиш аризасини қўллаб-қувватласа бас.
Кападзе шогирдлари Аргентина ва Уругвай билан куч синашади
Ўзбекистон миллий терма жамоаси октябрь ойидаги ФИФА кунлари доирасида Аргентинага қарши ўртоқлик учрашуви ўтказиши режалаштирилган.

ФИФА эълон қилган тақвимга эътибор қаратилса, учрашув 20-28 октябрь саналари оралиғида ўтади. Маълумот учун, Аргентина амалдаги Жаҳон чемпиони ҳисобланади.
Худди шунингдек, ФИФА кунлари доирасида терма жамоамиз Уругвай термаси билан ҳам ўртоқлик учрашувида майдонга тушиши белгиланган.
Аббосбек Файзуллаев Туркияга “кўчиб” ўтадими?
Москванинг ЦСКА клуби шарафини ҳимоя қилаётган маҳоратли футболчимиз Аббосбек Файзуллаев Туркиянинг "Истанбул" клуби сафига қўшилиши ҳақида гап-сўзлар тарқалди.

Хабарларга кўра, А.Файзуллаевга яқин кунларда Туркия клубидан расмий таклиф тушади. Аммо, ЦСКА 39 та ўйинда майдонга тушиб, 3 та гол ва 8 та голли узатма муаллифи бўлган Файзуллаев билан хайрлашиш ниятида эмас.
Ўзбек футболчиси Бельгия жамоасига ўтди
“Пахтакор” жамоаси аъзоси Муҳаммадали Ўринбоев Бельгиянинг “Антверпен” жамоаси билан 4 йиллик шартнома имзолади.

Тошкент жамоаси сафида 14 ўйинда майдонга тушиб, 5 та гол ва 3 та тўпга ҳаммуаллифлик қилган Ўринбоевнинг трансфер баҳоси 750 минг евро экани айтилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, "Антверпен" Бельгиянинг 5 карра чемпиони ҳисобланади.
Ўзбекистонлик ҳакамлар Индонезияда
Индонезияда ўтаётган “Президент кубоги” ўйинларини бошқариб боришда ўзбекистонлик тажрибали футбол мутахассислари Фирдавс Норсафаров ва Аскер Нажафалиев бош ҳакам, Санжар Шоюсупов ва Бахтиёрхўжа Шавкатов ёрдамчи ҳакам сифатида фаолият кўрсатмоқда.

Индонезияда ўтаётган “Президент кубоги” мусобақалари 15 июлга қадар давом этади.
“Пахтакор” бош мураббий ва унинг жамоаси билан хайрлашди
Португалиялик мураббий Педру Морейра ҳамда унинг беш нафар ёрдамчиси билан “Пахтакор” футбол клуби ўртасида тузилган ҳамкорлик шартномаси икки томон келишуви асосида бекор қилинди.

Шунингдек, “Пахтакор” май ойидан бери оғир жароҳати сабаб майдонга қайта олмаётган ярим ҳимоячиси Жонатан Лукка билан шартномани бекор қилди.
Тўлқин Рўзиев тайёрлади.
ЎзА