Футбол: “Сўғдиёна” – “Арал Самали”ни енгди
Футбол бўйича Ўзбекистон кубоги баҳсларининг “Е” гуруҳида 1-тур учрашувлари бўлиб ўтди.
Жиззахда Ўзбекистон чемпионати суперлигасининг амалдаги вице-чемпиони “Сўғдиёна” про лига вакили Қорақалпоғистоннинг “Арал Самали” клубини қабул қилди.
Учрашув мезбонларнинг ҳужумлари билан бошланди. Беллашувнинг 9-дақиқасида жиззахликлар устунлигини намоён этди. Искандар Шайқуловнинг ажойиб тўп узатишидан сўнг Хислат Халилов рақиб дарвозасига гол киритиб, жамоасини олдинга олиб чиқди. Ўйинда дарвозаларга бошқа тўп киритилмади.“Сўғдиёна” – “Арал Самали” якуни ҳисоб – 1:0.
Шу гуруҳдан жой олган Сирдарё вилоятининг “Янгиер” клуби ўз майдонида про лиганинг яна бир вакили “Андижон”ни қабул қилиб, 1:3 ҳисобида имкониятни бой берди.
Ўзбекистон кубоги учун ўтадиган “Е” гуруҳи жамоалари 2-турни жорий йилнинг 14 апрелида ўтказади. Шу куни Андижонда маҳаллий “Андижон” жамоаси Жиззахнинг “Сўғдиёна” клубини қабул қилса, “Янгиер” Нукусда “Арал Самали” жамоаси синовидан ўтади.
А.Қаюмов, ЎзА