Футбол. Мавсумга тайёргарлик қандай кетяпти?
Футбол мухлисларининг бугунги кун долзарб қизиқишлари Суперлига жамоаларининг тайёргарлиги, кимлар келиб, кимлар кетаётганлиги каби масалалар эканлиги сир эмас. Босқичма-босқич бу борадаги маълумотларни бериб боришга ҳаракат қиламиз.
Миллий чемпионатимиз Суперлига жамоалари янги мавсумга тайёргарлик кўришни аллақачон бошлаб юборган. Кимдир ўтган йилнинг сўнгги ўнкунлигида, кимдир жорий йил бошидан машғулотларга киришган бўлса, бугундан «Металлург» аъзолари ҳам спорт кийимларини кийиб, майдонга тушишди. Тараддудга киришмаган биргина «Сурхон» жамоаси қолди.
«Пахтакор» – янги мавсумга тайёргарлик 8 январдан клубнинг Қибрай шаҳридаги қароргоҳида бошланди. Йиғиннинг иккинчи босқичи 5 – 20 февраль оралиғида Туркиянинг Анталия шаҳрида давом эттирилади. Турган гапки, бу даврда ўртоқлик учрашувлари ҳам уюштирилади. Айни пайтдаги режага кўра «шерлар» 10, 15 ва 19 февраль кунлари Москва, Тбилиси ва Киевнинг «Динамо» жамоаларига қарши майдонга тушади. Жамоани бош мураббий, голландиялик Питер Хюистра ва унинг ёрдамчилари Гоча Ткебучава ва Ласло Ямбор, футболчилардан эса Егор Кримес тарк этган. Бош мураббийлик вазифасида Шимолий македониялик Славче Войнески иш бошлади. Дарвозабонлар мураббийи Денис Иванков ҳам ўзининг жонажон жамоасига қайтди. Шунингдек, ўтган мавсумда «Бунёдкор»да тўп сурган Миржаҳон Мираҳмадов ҳам бундан кейин «Пахтакор» либосида фаолият юритадиган бўлди.

«Сўғдиёна» – мавсумга тайёргарлик ишлари 4 январдан Тошкент шаҳрида бошланди. Ёпиқ тарзда олиб борилаётган машғулотлар жараёнида ўтган йилги таркибдан Жамшид Болтабоев, Эргаш Исмоилов иштирок этмаяпти, улар ўз омадларини бошқа жамоалардан излашни маъқул топишган. Аксинча, ўтган мавсумда Беларуснинг «Энергетик» клубида тўп сурган Дониёр Абдуманнопов, «Локомотив»да ўйнаган Марат Бикмаев айни пайтда «Сўғдиёна» йиғинида пайдо бўлишган.
АГМК – жамоа ортда қолган йилнинг сўнгги ўн кунлигида дастлабки йиғинини ўтказган эди. Янги йилдаги дастлабки йиғин 5 январдан бошланди. Тошкент шаҳрида сунъий майдонларда кунига икки маҳалдан машғулотлар олиб бориляпти. Кетганлардан Аббос Отахонов «Металлург»да, Ҳусниддин Ғофуров «Нефтчи»да, Бобур Йўлдошев «Қизилқум»да фаолиятини давом эттиришни исташган, таркибда шунингдек, Дилшод Жўраев ҳам кўринмаяпти. Кетганлар ўрни янада тажрибалироқ футболчилар билан тўлдирилган. Жумладан, «Пахтакор»дан Анзур Исмоилов, «Бунёдкор»дан Абдулла Абдуллаев ва Хуршид Ғиёсов, ўтган мавсумда Тожикистонинг «Истиқлол» клубида ўйнаган Андрей Мишченко АГМК билан шартномаларга имзо чекишди...
Изоҳ: Номлари қайд этилган футболчилар машғулотларда қатнашишмоқда, баъзилари шартномалар тузишга ҳам улгуришган. Бироқ қачонки ЎзПФЛ рўйхатидан ўтса ва лицензияни қўлга киритган тақдирдагина қонуний ҳисобланади.