Футбол ҳар томонлама ривожланади
Мамлакатимизда маънавий ва жисмоний баркамол авлодни шакллантириш, миллионлар ўйини бўлган ва мамлакатимизда алоҳида ўрин тутадиган спортнинг футбол турига аҳолини, айниқса ёшларни кенг жалб этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, иқтидорли ёш футболчиларни танлаш, саралаб олиш (селекция) тизими ва футбол инфратузилмасини янада ривожлантириш, футбол бўйича спорт мактаблари фаолиятини янги босқичга кўтариш, соҳа мутахассисларини тайёрлаш ва уларни моддий рағбатлантириш тизимини яхшилаш, ўтказилаётган мусобақалар савиясини юксалтириш масалалари доимо эътиборда.
Президентимизнинг 2023 йил 7 апрелдаги “Оммавий ва профессионал футболни ҳар томонлама ривожлантиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида” қарори ҳам футболнинг оммавийлигини янада ошириш, истиқболли ва иқтидорли футболчиларни танлаш ҳамда профессионал даражада тайёрлашнинг янги тизимини йўлга қўйиш, тренер (мураббий) ва ҳакамларни халқаро талаблар асосида тайёрлаш ва маҳоратини юксалтириш, футбол инфратузилмасини яхшилаш ҳамда ўрнатилган стандартларга мослаштиришда муҳим аҳамият касб этади. Қарор билан футболни янада оммалаштириш ва ривожлантиришнинг қўшимча йўналишлари белгиланди.
Халқаро футбол ассоциациялари федерацияси (ФИФА)нинг аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида футболни янада оммалаштиришга қаратилган махсус дастурлари асосида ҳар йили маҳалла ёшлари ўртасида, жумладан, мактабгача таълим ташкилотларида “Оммавий футбол” (Грассроотс) фестиваль ва мусобақалари, умумий ўрта таълим мактаблари ўқувчилари ўртасида “Мактабларда футбол”, олий таълим муассасалари талабалари ўртасида “Талабалар лигаси” республика мусобақалари ўтказилади.
Ёшларнинг футболга қизиқишини ошириш, бу борадаги тарғибот ишларини янада кучайтириш, уларнинг футбол билан шуғулланиши учун етарли шароитлар яратилади. Аёллар ўртасида футболни ривожлантириш, бу борада узоқ йилларга мўлжалланган истиқболли режа ва дастурлар ишлаб чиқилади. Жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг футбол билан шуғулланиши учун зарур шарт-шароитларни яратиш ҳамда улар ўртасида мунтазам мусобақалар ташкил этилади. Терма жамоалар ва профессионал футбол клублари учун сифатли спорт захирасини яратиш, иқтидорли футболчиларни аниқлаш, танлаш ва саралаш (селекция)нинг рақамлаштирилган тизимини жорий қилинади. Футбол инфратузилмасини моддий-техник жиҳатдан янада яхшиланади ҳамда халқаро талабларга мослаштирилади.
Футбол бўйича малакали тренерлар, ҳакамлар ва мутахассисларни тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш тизими янада такомиллашади, ўқув-услубий қўлланмалар ишлаб чиқилади.
Ҳудудларда футбол клублари, болалар ва ўсмирлар, оммавий футболни ривожлантириш мақсадида чет эллик мутахассислар жалб этилади. Бу борада халқаро ҳамкорлик янада кенгайтирилади. Оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда футболни тарғиб қилиш ҳамда бу жараёнда юқори даражали ахборот ва мультимедиа маҳсулотларидан фойдаланиш янада кенгайтирилади.
Ҳар йили Ўзбекистон футбол ассоциацияси маблағлари ҳисобидан март-июнь ойларида маҳалла ёшлари ҳамда қизлари ўртасида “Оммавий футбол” дастури доирасида футбол фестиваллари, 10 декабрь – Бутунжаҳон футбол куни муносабати билан аҳоли ўртасида оммавий “флешмоб” тадбирлари, сентябрь-май ойларида умумий ўрта таълим мактабларида “Мактабларда футбол” дастури доирасида футбол мусобақалари, маҳорат сабоқлари ва фестиваллари ўтказиб борилади. Ҳар йили сентябрь-май ойларида олий таълим муассасаларида Ўзбекистон талабалар спорти ассоциацияси маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган “Талабалар лигаси” дастури доирасида уч босқичли республика футбол мусобақалари ўтказилади.
Бундан ташқари, халқаро тажрибаларни ўрганиш ва уларни олиб кириш мақсадида Хорватия, Япония ва бошқа давлатларнинг тажрибаси ўрганилиб ўзбек футболига татбиқ этилади. Бунда, Ўзбекистон футбол ассоциацияси ҳамда ҳудудий болалар-ўсмирлар футбол академияларининг “техник директор” лавозимига хорижий давлатларнинг тажрибаси ва тизимини жорий қилиш бўйича малакали мутахассислар жалб қилинади.
Халқаро футбол ассоциациялари федерацияси (ФИФА), Осиё футбол конфедерацияси талабларига мувофиқ футбол учрашувларида адолат ва шаффофликни таъминлаш мақсадида ВАР (Видео Ассистант Реферее, видео ёрдамчи ҳакам) тизимидан фойдаланиш янада кенгайтирилади. Ўзбекистон футбол ассоциацияси ҳузуридаги Футбол бўйича мутахассисларни тайёрлаш марказида футбол бўйича “футбол таҳлилчиси”, “футбол селеционери” (скаут), “футбол менежери”, “футбол маркетологи”, “футбол шифокори”, “футбол психологи”, “спорт фармакологи”, “спорт диетологи” каби мутахассисларни тайёрлаш тизимини йўлга қўйилиши белгилаб берилди.
2026 йил 1 апрелга қадар Ўзбекистон футбол ассоциацияси, унинг ҳудудий бўлинмалари, Ўзбекистон профессионал футбол лигаси, Ўзбекистон футбол ҳакамлари маркази, профессионал футбол клублари ва академиялари белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхатга асосан футбол бўйича спорт объектларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш учун зарур бўлган Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган спорт асбоб-ускуналари ва технологиялари, инвентарлари, техникалар, фармакология маҳсулотлари, спорт озуқалари, футбол (футзал) майдонлари учун сунъий ўтлар, шокпад, гранулалар, махсус елим ва махсус профессионал спорт кийимлари, махсус техника ва транспорт воситаларини олиб кирганлик учун божхона божини тўлашдан озод қилинди.
Президентимизнинг мазкур қарори ўзбек футболини ривожлантиришда муҳим дастуриламал бўлади.
Анвар Сатторов,
Бухоро давлат университети
Спорт фаолияти кафедраси мудири,
п.ф.ф.д (PhD), доцент.
ЎзА