Футбол: “Евро-2020”нинг «бўронли» онлари яқин
Дунё футбол ишқибозларининг диққат марказида турган Европа чемпионати аслида ўтган йилнинг июнь-июль ойларида ўтказилиши керак эди. Пандемия туфайли Европа футбол уюшмалари ассоциацияси (УЕФА) қарори билан мусобақалар роппа-роса бир йилга кечиктирилди.
Бугунга келиб бундан деярли икки йил муқаддам саралаш баҳслари билан бошланган “ЕЧ-2020”нинг 1/8 финал баҳсларига етиб келдик. Айтиб ўтиш керакки, мазкур чемпионатда ҳудудий жиҳатдан Европага “ўгай” бўлган УЕФАга аъзо барча давлатлар Исроил ҳам, Қозоғистон ҳам, ҳаттоки катта орзулар осмонидаги Озарбайжон жамоаси ҳам ўз гуруҳидан кейинги босқичга чиқа олишмади. Лекин эътиборли жиҳати, Европа чемпионати саралаш баҳсларининг 300- учрашуви айнан Озарбайжон пойтахтида Туркия – Уэльс жамоалари ўртасида ўтганлиги билан Боку УЕФА тарихига муҳрланди.
Шу ўринда УЕФА қарори билан бу галги Европа чемпионати ўйинлари битта давлатда эмас, 10 та мамлакатнинг 11 та шаҳрида ўтказилиши белгиланганлиги ҳам аҳамиятли бўлди. Яъни дунёнинг 11 та мегаполис марказларига футбол “бўрони” кириб борди. “ЕЧ-2020” ўйинларининг саралаш баҳслари ўтказиладиган Амстердам, Будапешт, Бухарест, Глазго, Севилья, Санкт-Петербург ва Лондон каби шаҳарлари қаторида Бокунинг ҳам қайд этилганлиги қардош озарбайжонлик футбол ишқибозлари учун ўзига хос воқеликка айланди.
Юқорида таъкидлаганимиздек, гуруҳларда сараланган 16 та жамоа “ЕЧ-2020” нинг 1/8 финалида рўбарў келадиган бўлди:
26 июнь, шанба
Амстердам ш. Уэльс – Дания (21.00 Тошкент вақти билан)
Лондон ш. Италия– Австрия (00.00)
27 июн, якшанба
Будапешт ш. Нидерландия – Чехия (21.00)
Севилья ш. Бельгия – Португалия (00.00)
28 июнь, душанба
Копенгаген ш. Хорватия – Испания (21.00)
Бухарест ш. Франция – Швейцария (00.00)
29 июнь, сешанба
Лондон ш. Англия – Германия (21.00)
Глазго ш. Швеция– Украина (00.00)
“ЕЧ-2020”нинг 1/4 финалида Бельгия – Португалия қарама-қаршилиги ғолиби Италия– Австрия жуфтликларидаги омадли жамоа билан учрашса, Франция-Швейцария “тўфони”ни ёриб чиққан жамоа Хорватия-Испаниянинг ғолиби билан, Швеция – Украина қаршилигидаги “бахтлилар” Англия – Германия кучлиси билан, Нидерландия– Чехия дуэлида ютган эса Уэльс – Дания тўқнашувидан “омон” чиққанлар билан 1/4 да ярим финал учун курашади. Чорак финал учрашувлари 2- 3 июль кунлари, ярим финал ўйинлари 6 -7 июлда ва ниҳоят Европа чемпионатининг финал мусобақаси 11 июль куни Англиянинг Лондон шаҳридаги “Уэмбли” стадионида Тошкент вақти билан 00.00 да бошланади. Демак, кузатишда давом этамиз. Минг-минглаб яшил майдон завқию шавқига кўз тиккан футбол ишқибозлари учун “Европа чемпионати-2020” нинг “бўронли” онлари янада яқинлашмоқда.
Тўлқин РЎЗИЕВ, ЎзА