Қорақалпоғистон Республикаси Бўзатов тумани адлия бўлимига тумандаги 9-сон умумтаълим мактаб директори ўринбосари Кенесбай Сабировнинг йўллаган шикоят аризаси кўриб чиқилди.
– Мурожаатни ўрганиш жараёнида, ҳақиқатдан ҳам унга нисбатан мактаб директори томонидан 2025 йил 17 апрель куни “ўртача ойлик иш ҳақининг 30 фоизи миқдорида” интизомий жарима жазоси қўлланилганлиги аниқланди, – дейди Бўзатов тумани адлия бўлими бошлиғи Казбек Палуаниязов. – Ўрганиш натижасига кўра, мактаб директори ўринбосари К.Сабиров мактаб директори ёки масъул ходим томонидан интизомий жазо қўллаш ҳақидаги буйруқ билан таништирилмаганлиги ёки танишишдан бош тортганлиги бўйича далолатнома расмийлаштирилмаган, бу билан Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 313-моддаси 5-7 бўлим талаблари бузилганлиги маълум бўлди.
Туман адлия бўлими томонидан тақдимнома киритилиши натижасида мактаб директорининг мурожаат эгасига нисбатан интизомий жазо чорасини қўллаш ҳақидаги буйруғи бекор қилинди. Шу тариқа фуқаронинг бузилган ҳуқуқи тикланди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири