Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси O'zLiDeP фракцияси аъзоси Бахтибой Алдамуратов “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳасининг аҳамиятини кенг тарғиб қилиш мақсадида Чимбой тумани ҳокимлигида ва Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети Чимбой факультетида маҳалла раислари, таълим ва тиббиёт соҳаси вакиллари билан учрашди.
Унда янгиланаётган Конституцияда илгари амал қилиб келган “давлат – жамият – инсон” тамойилини “инсон – жамият – давлат” деб ўзгартириш, яъни, энг аввало, инсон манфаатини ҳар нарсадан устун қўйиш мақсад қилингани қайд этилди. Мазкур эзгу тамойил, юксак ғоя партия дастури ва сайловолди дастурининг ҳар бир банди, ҳар бир боби билан уйғун ва ҳамоҳангдир.
ЎзЛиДеП ўз олдига қўйган мақсадларнинг барчаси ҳар бир юртдошимиз турмушини янада яхшилашга, манфаатини ифодалашга, инсон қадрини юксалтиришга хизмат қилади. Бош Қомусимиз том маънода халқ Конституцияси бўлмоқда. Янги таҳрирдаги Конституциямизда жамиятнинг барча қатламлари манфаатлари инобатга олинган. Инсон ҳуқуқ ва эркинликларига оид қоидалар бир неча каррага, ўз навбатида, давлатнинг ҳам халқ олдидаги мажбурияти бир неча бараварга ошмоқда. Чунки, Конституция лойиҳасини ишлаб чиқишда “Инсон манфаати ҳар нарсадан устун” деган мезон асос қилиб олинган.
Жумладан, янгиланаётган бош қомусимиз 48-моддасининг биринчи қисмида "Ҳар ким соғлиғини сақлаш ва малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқига эга," дейилган. Давлат ҳар бир фуқаронинг соғлигини сақлаш ҳуқуқини рўёбга чиқармоқда. Масалан, маҳаллада "Электрон поликлиника" тизими, шунингдек, маҳаллаларда оилавий шифокорлик пунктлари ва оилавий поликлиникаларда “тиббиёт бригадалари” фаолияти йўлга қўйилди. Тиббий хизматлар кўрсатиш қамровини кенгайтириш учун 2022 йил 1 январдан бошлаб эса яна қўшимча 10 минг нафар ўрта тиббиёт ходими штати ажратилди.
Учрашув давомида янгиланаётган бош қомусимизга киритилаётган ўзгариш ва нормалар бўйича батафсил маълумотлар берилди. Қолаверса, барча иштирокчилар 30-апрел куни бўлиб ўтадиган референдумда фаол қатнашишга чақирилди.
Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА