Фуқароларнинг мурожаатлари ўз вақтида ҳал этиляптими?
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитасининг йиғилишида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини қўмита томонидан кўриб чиқишда амалга оширилаётган ишларга назар солинди.
Бугунги кунда депутатлар фаолиятида аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқотни ташкил этиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашда янги тизимини йўлга қўйиш борасида бир қатор амалий ишлар қилинмоқда. Ҳар чоракда мурожаатлардан келиб чиққан ҳолда аҳоли муаммоларини аниқлаш ва ҳал этиш бўйича вазирликларнинг ҳисоботини эшитиб бориш, долзарб муаммо ва камчиликлар, уларнинг ечими бўйича ахборот киритиб бориш, вазифаларни белгилаб олиш амалиёти йўлга қўйилди.
Ҳисобот даврида юридик ва жисмоний шахсларнинг қўмита аъзоларига келиб тушган 269 та мурожаати белгиланган муддатларда қонун доирасида кўриб чиқилди.
Тадбирда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини ўз вақтида кўриб чиқилиши юзасидан назоратни кучайтириш бўйича таклиф ва тавсиялар берилди. Шунингдек, мурожаатларда кўтарилган масалалар қай даражада ҳал этилаётганлиги устидан таъсирчан парламент назоратини ўрнатиш белгилаб олинди.
М. Комилова, ЎзА