Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги “Ўзархив” агентлиги ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси томонидан Фуқароларга пенсия тайинлаш учун архив маълумотномаларини тақдим қилишда фуқаролар оворагарчилигини бартараф этиш бўйича қўшма кўрсатмада белгилаб ўтилган вазифалар юзасидан йиғилиши бўлиб ўтди.
Маълумки, давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 4 майдаги “Фуқароларга давлат пенсияларини тайинлаш жараёнини соддалаштириш ҳамда пенсия ва нафақаларни етказиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ давлат пенсияларини тайинлашда фуқароларда пенсияга чиқиш ҳуқуқи пайдо бўлган чоғида ишламайдиган фуқароларга ўзларининг меҳнат дафтарчаларидаги меҳнат стажи тўғрисидаги маълумотларни Бандликка кўмаклашиш марказларига мурожаат қилиш орқали “Ягона меҳнат миллий тизими” идоралараро дастурий-аппарат комплексига киритиш хизмати жорий этилиши белгиланган.
Тадбирда қайд этилганидек, Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси ва “Ўзархив” агентлиги ўртасида имзоланган Қўшма кўрсатмага мувофиқ фуқароларга пенсия тайинлаш учун архив маълумотномаларини тақдим қилишда фуқаролар оворагарчилигини янада бартараф этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар жорий этилмоқда.
Унга кўра, эндиликда “Ўзархив” агентлиги тизимидаги архивлар фуқароларнинг иш ҳақи ва иш стажини ҳамда яроқсиз ҳолатга келган ёки йўқотилган меҳнат дафтарчасидаги ёзувларни тасдиқлаш тўғрисидаги архив маълумотномаларини тақдим этишни қатъий равишда давлат хизматлари марказлари ёки Ягона портал орқали кўрсатади.
Пенсия тайинлашда ахборот тизимларида зарур маълумотлар мавжуд бўлмаганда, Пенсия жамғармаси бўлими томонидан тўғридан-тўғри Ягона порталда (arm.gov.uz) очилган шахсий кабинет орқали Идоралараро интеграциялашган платформа ёрдамида йўллаган сўрови асосида “my.archive.uz” дастури орқали QR-кодли архив маълумотномалари электрон шаклда тақдим этилади.
Шунингдек, маъмурий регламентлар билан тартибга солинган давлат хизматлари бўйича фуқароларга муҳр қўйилган ва имзо чекилган архив маълумотномаларини тақдим этиш амалиётига барҳам берилмоқда. Бунда, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш юзасидан хориждан келиб тушган сўровлар мустасно. Шу билан бирга, фуқаронинг иш ҳақлари ва иш стажларини тасдиқлаш тўғрисидаги архив маълумотномаларини тақдим этиш юзасидан расмий хат киритиш, фуқароларни архивларга юбориш ҳолларига барҳам берилмоқда.
Маълумот ўрнида айтадиган бўлсак, жорий йилнинг 1-ярим йиллик ҳисобот даврида архивлар томонидан фуқароларнинг ижтимоий-ҳуқуқий мазмундаги 250 мингдан зиёд сўровлари ижроси таъминланган бўлса, шундан қарийб 20 фоизи архивларга фуқароларнинг тўғридан-тўғри мурожаати асосида амалга оширилган.
Эндиликда, мазкур чора-тадбирлар натижасида фуқаролар уларга пенсия тайинлаш учун архив маълумотномаларини тақдим этиш юзасидан архивларга тўғридан-тўғри мурожаат этишлари ва ташриф буюришлари эҳтиёжи мавжуд эмас. Шунингдек, хизматларни кўрсатиш тартиби, уларнинг ҳуқуқий асослари фуқароларга тушунтириб борилади.
Гулноза Бобоева, ЎзА