Фуқаролар йиғини раиси сайловлари фаол давом этмоқда
Шу кунларда мамлакатимиз бўйлаб маҳалла фуқаролар йиғини раислигига сайлов жараёнлари фаол кечмоқда. АОКАда 1-14 май кунлари ўтказилган фуқаролар йиғини раиси сайловлари бўйича қандай натижаларга эришилгани хусусида брифинг ўтказилди.
Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси ахборот хизмати раҳбари Жобир Асқаров бу ҳақда батафсил маълумот берди.
Эътироф этилганидек, шу йилнинг 1 май санасидан мамлакатимизда маҳалла раиси сайловларига старт берилди. Ўзбекистон Республикасининг “Фуқаролар йиғини раиси сайлови тўғрисида”ги қонунига мувофиқ сайловлар май-июль ойларида республика бўйлаб ўтказилиши белгиланган.
Жорий йилнинг 1-14 май кунлари ҳолатига кўра, республиканинг 208 та туман (шаҳар)ларидаги 3 546 та маҳаллада сайловлар бўлиб ўтди. Сайловларда 801 минг 133 нафар фуқаро вакиллари иштирок этди. Эътиборга молик жиҳати, мамлакатимиз бўйлаб ўтказилаётган сайловларда аҳоли вакиллари, кенг жамоатчилик жуда фаол иштирок этмоқда. Қувонарлиси, Президентимиз томонидан жорий этилган уникал тизим – “маҳалла еттилиги” фаолияти ўтган қисқа даврда ўзини тўлиқ оқлади.
Маҳалла ходимлари хонадонларга кириб, оилаларнинг ҳар бир вакили билан алоҳида ишлагани боис юртимизда камбағаллик кўрсаткичи кескин камайди. Маҳаллага ваколат, бюджет берилгани боис, аксарият маблағ талаб қилинадиган муаммолар ўз ечимини топмоқда. Натижада, аҳолининг 83 фоиз муммолари маҳалланинг ўзида ҳал бўлмоқда. Бу, албатта, одамларнинг маҳаллага бўлган ишончини оширди. Бу эса ўз навбатида, аҳолида маҳалла тақдирига дахдорлик туйғусини кучайтирмоқда.
Шу кунгача ўтказилган сайловларда қатнашган 9 минг 563 нафар номзод давлатимиз раҳбари бошчилигида олиб борилаётган ислоҳотларни маҳаллагача тушириб, уни амалга ошириш мақсадида ўзларининг Устувор дастурлари билан аҳолига тақдимот қилди.
Сайлов жараёнлари очиқлик, ошкоралик ва сайлов принципларига риоя этган ҳолда ўтказилиб, овозларни аниқлаш сайловчилар кўз ўнгида сайлов қутисини очиб бюллетенларни санаш, энг кўп овоз олган номзодларни эълон қилиш орқали амалга оширилди.
Ҳисобот даврида номзодларнинг 3 минг 546 нафари маҳалла раиси этиб сайланди. Жумладан, сайланган раисларнинг 448 нафари (13,9 фоиз) аёлларни, 207 нафари (6 фоиз) туман (шаҳар) кенгашлари депутатларини ташкил этади.
Ўтказилган сайловларнинг 2 минг 881 таси умумтаълим мактабларда, 133 таси лицей, коллеж, техникумлар, 23 таси олий таълим муассасалари, 79 таси мусиқа ва санъат мактаблари, 26 таси корхона ва ташкилотлар, 112 таси тўйхоналар, 52 таси маҳалла гузарлари, 85 таси маҳалла биноси, 101 таси маданият биноси ва бошқа жой объектларида ташкил этилди.
Сайланган маҳалла раисларининг 26 нафари (0,7 фоиз) 30 ёшгача, 644 нафари (18,2 фоиз) 31-40 ёшгача, 1 111 нафари (31,3 фоиз) 41-50 ёшгача, 1 350 нафари (38,1 фоиз) 51-60 ёшгача, 415 нафари (11,7 фоиз) 60 ёшдан ошган.
1 минг 17 нафари (28,7 фоиз) ўқитувчи, 648 нафари (18,3 фоиз) иқтисодчи, 481 нафари (13,6 фоиз) муҳандис, 29 нафари (1 фоиз) шифокор, 124 нафари (3,5 фоиз) ҳуқуқшунос, 185 нафари (5,2 фоиз) агроном, 41 нафари (1,2 фоиз) қурувчи, 1 021 нафари (28,8 фоиз) бошқа мутахассисликни ташкил этади.
Сайлов жараёнлари оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиб борилмоқда. Шу пайтга қадар пост, мақола, репортаж, видеорлик ва бошқа кўринишларда 5 мингга яқин материаллар эълон қилинди.
Жорий йилнинг 11-20 май кунлари республика бўйича 201 та туман (шаҳар)даги 2659 та маҳаллада сайловлар ўтказилади. Унда
7 976 нафар номзод ва 769 мингдан ортиқ вакилнинг иштироки кутилмоқда.
Сайловни ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ масалаларда юзага келган қонун бузилиши ҳолатлари бўйича фуқароларнинг мурожаатларини кўриб чиқишда "Фуқаролар йиғинлари раислари сайловини ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашувчи Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар комиссиялари" ваколатли орган ҳисобланади.
Сайлов жараёнлари даврида қонунбузилиш ёки бошқа ҳолатлар юзага келган тақдирда фуқароларнинг мурожаатларини тезкор қабул қилиш ва кўриб чиқишга масъул органларга тегишли тартибда йўналитириш ва мурожаатларини амалдаги қонунчиликка асосан кўриб чиқилишини таъминлаш зарур. Шу мақсадда Ўзбекистон маҳаллалари уюшмасининг 1276 қисқа рақамли "Call-маркази"да фуқаролар йиғини раиси сайловлари билан боғлиқ муаммо ва мурожаатлар юзасидан қўнғироқлар қабул қилинмоқда.
Бугунги кунда 1276 қисқа рақамли "Call-маркази"га фуқаролардан 11 та мурожаат келиб тушган бўлиб, тегишли тартибда ҳудудий комиссияларга йўналтирилган.
Н.Усмонова, ЎзА