Кадастр агентлиги Андижон вилояти бошқармасига Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал ва Халқ қабулхоналари орқали 2021 йилнинг ўтган даврида 525 та мурожаат келиб тушди.
Мурожаатларнинг 63 таси ижобий ҳал этилиб, 463 тасига ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.
Жорий йил 23 июль куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида аҳоли мурожаатлари билан ишлаш тизимини янгича ташкил қилиш чора-тадбирлари бўйича ўтказилган видеселектор йиғилишда жойларда аҳоли мурожаатлари билан ишлашнинг янгича тизимини шакллантириш, одамларни мурожаат қилишга мажбур этаётган муаммоларни жойида бартараф этиш юзасидан қатор вазифалар белгилаб берилган эди.
Ана шу вазифалардан келиб чиқиб, қолаверса, кадастр соҳасида фуқароларни қийнаётган масалалар бўйича қилинаётган мурожаатларнинг бирортаси эътибордан четда қолаётгани йўқ. Ҳар бир мурожаат ўрганилиб, имкон қадар қонуний тарзда ижросини таъминлаш чоралари кўрилмоқда.
Бўстон туман, Гузар маҳалласи, Абдулла Қаҳҳор кўчасида яшовчи Абдуманноб Мамаюсуповнинг Бўстон шаҳарчасидаги бозор ҳудудида савдо дўкони бўлганлиги, бозорни кенгайтириш, инфратузилмасини яхшилаш мақсадида бузилишга тушганлиги, бузилган дўконлар учун бошқа жойдан ер ажратиб берилган вақтда у оилавий шароити туфайли кела олмаганлигини билдириб, энди ўзига ажратилган ерни берилишини сўраб мурожжат қилган.
Ушбу мурожаат бўйича Ишчи гуруҳ тузилиб, масала ўрганиб чиқилди.
Ўрганиш натижасида бузилган дўконлар қаторида хақиқатдан ҳам А.Мамаюсуповга тегишли дўкон бўлган. Бозор ҳудудида жойлашган савдо дўконлари давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилаётган фуқароларга Бўз тумани ҳокимининг 2018 йил 28 июль кунги 1057-қ сонли қарорига асосан, “Ўзбекистон” массивидан якка тартибда уй-жой қуриш учун ер участкаси ажратилган.
Масала тўла ўрганилиб, кадастр хизмати мутахассислари томонидан фуқаро А.Мамаюсуповга “Ўзбекистон” массивидан ер майдони ажратиб берилди. Шу тариқа бир неча йилдан буён фуқарони қийнаб келаётган муаммо ижобий ечим топди.
Шунингдек, мурожаат бўйича Андижон туманида фаолият олиб бораётган фермер хўжалиги раҳбарининг муаммоси ҳам кадастр ходимлари томонидан ҳал этилди.
Фуқаро Ш.Усмонова ўзи раҳбарлик қилаётган фермер хўжалигига тегишли 2016 йилдаги ер ижара шартномасининг асл нусхасини турли сабабларга кўра ололмагани, мазкур ҳужжат Агентликнинг Андижон туман бўлимида мавжудлиги, уни олишга ёрдам берилишини сўраб, мурожаат қилган. Агентлик мутахассислари томонидан сўралган шартноманинг асл нусхаси топилиб, мурожаатчига тақдим этилди.
– Ҳеч бир мурожаат эътиборимиздан четда қолмайди, – дейди Кадастр агентлиги Андижон вилояти бошқармаси раҳбари Фаёзиддин Бердиқулов. – Мурожаатларни имкон қадар қонуний, ижобий ҳал этишга ҳаракат қиламиз. Асосий мақсадимиз, кадастр соҳасида фуқароларимизни қийнаётган муаммоларни бартараф этишга, одамларни ҳаётидан рози бўлиб яшашларига кўмаклашишдир.
Кадастр агентлиги Андижон вилояти бошқармаси, унинг туман, шаҳар бўлимлари томонидан аҳоли мурожаатлари билан ишлаш борасидаги ишлар изчил ва тизимли олиб борилмоқда.
Ф.Убайдуллаев, З.Умрзоқов (сурат), ЎзА