“Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга эгалик ҳуқуқини эътироф этиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни билан халқимизни узоқ йиллардан бери қийнаб келаётган масалаларга топилган ечимлар, аҳолини ушбу масалада қизиқтираётган ва ўйлантираётган муаммолар ҳал бўлмоқда.
Қонунга кўра, фуқаролар қандай кўчмас мулкларни ўз номига ижара ва мулк ҳуқуқи асосида қонуний ўтказиб олиши мумкин? Ўзбошимчалик билан қурилган ва эгаллаб олинган ер участкаларига, уларда қурилган бинолар ва иншоотларни расмийлаштириш рад этилаётгани билан боғлиқ саволларга жавоб олиш мақсадида Кадастр агентлиги Тошкент вилояти бошқармаси бошлиғи Рустам Пайзиевга бир неча саволлар билан мурожаат этдик.
– Нима учун бу борада айнан алоҳида қонун ишлаб чиқилди ва бунга зарурат бормиди? Бу аввалги акциядан нимаси билан фарқланади?
– Бугунги кунда якка тартибдаги уй-жойлар, нотурар жойлар, боғдорчилик-узумчилик ширкатларидаги дала ҳовлилар эгалик ҳуқуқи мавжуд бўлмасдан туриб, тегишли ташкилотлардан рухсатнома олинмагани сабабли уларнинг барчаси ўзбошимчалик билан қурилган ҳисобланади. Бу қонунда эса шу каби тоифадаги айрим объектларга эгалик ҳуқуқи берилиши, шунингдек, хусусийлаштирилган биноларни эгаллаган ер майдонларини бириктириш каби қўшимчалар белгиланган. Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги ҳузуридаги Космик тадқиқотлар ва технологиялар агентлиги томонидан ўзбошимчалик билан қурилган қурилмалар қачон қургани космик сёмка ишлари натижасида йиллар ва ойлар кесимида таҳлил қилиб берилади. Натижада акция доирасида янги ноқонуний қурилмалар қурилиши ҳамда қишлоқ хўжалиги экин ер майдонларини талон-тарож қилинишининг олди олишга эришиш имкони бор.
– Ҳозирда ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер билан боғлиқ вазиятлар ва муаммоли масалаларни ўрганишда нималарга эътибор қаратилмоқда?
– Вилоятида жорий йил август ойи охиригача 792 мингта кўчмас мулк объектлари ҳисобга олинган бўлиб, шундан, янги қонунга асосан акцияга тушадиган объектлар ҳисоб-китоб қилинди. Унга кўра, 28 минг гектар ер майдонида қурилган 334 мингта кўчмас мулкларга нисбатан татбиқ этилади.
Жумладан, 10,8 минг гектар ер майдонида қурилган 80 минг 229 та турар-жойлар, Вазирлар Маҳкамаси тегишли қарори бўйича мулк ҳуқуқи берилиши мумкин деб топилган. Лекин ҳокимлик қарори чиқарилмасдан қолиб кетган 5 минг гектар ер майдонида жойлашган 34 мингта турар-жойлар, туман (шаҳар) ҳокими қарори билан ажратилган лекин вилоят ҳокими томонидан тасдиқланмаган 35 та 180 гектар ҳолатга, шунингдек, 1 минг 61 гектар ер майдонида жойлашган 20 минг 127 та боғдорчилик-узумчилик ширкати ҳудудида қурилган турар-жойлар, 130 гектар ер майдонида 2020 йил 9 мартга қадар кичик саноат зоналарига жойлаштирилган 212 та нотурар-жой объектларига ҳамда 6 минг 363 та хусусийлаштирилган бинолар эгаллаган 560 гектар ер майдонига эгалик ҳуқуқи татбиқ қилиниши режалаштирилди.
– Ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкаларидаги бино-иншоотлар суғориладиган майдонларда қурилган бўлса, у ҳолда бинолар бузиб ташланиб, ер қайта давлат захирасига олиниши мумкинми?
– Янги қонунда белгиланганидек, бино-иншоотлар, шу жумладан, якка тартибдаги уй-жойлар қуриш орқали ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаси суғориладиган ерларда жойлашган тақдирда, ҳуқуқларни эътироф этиш масаласи ер фондининг тоифаси қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ўзгартирилганидан кейин кўриб чиқилади.
Яъни Ер кодексининг 44-моддаси ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 17 июндаги “Қишлоқ хўжалигида ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига асосан суғориладиган ерлар бошқа тоифага фақат тегишли ҳукумат қарори асосида ўтказилиши белгиланган. Шунга кўра, бундай масалаларни ечими бугунги кунда Вазирлар Маҳкамасида ташкил қилинган “Ҳукумат комиссияси” томонидан кўриб чиқилади.
– Мазкур қонунга кўра, ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкасига бўлган ҳуқуқни эътироф этиш яъни расмийлаштириш учун фуқаролар қайси ташкилот ёки идораларга мурожаат қилишлари керак?
– Бу қонунга кўра, фуқароларимиз ҳеч қаерга мурожаат қилишмайди. Чунки, ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкалари ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларни босқичма-босқич хатловдан ўтказиш ҳар йилги режа-жадвал асосида амалга оширилади. Кадастр агентлиги томонидан тасдиқланиб, жамоатчиликка эълон қилиб борилади.
– Ҳозирда, кўплаб фуқароларни қийнаб келаётган муаммолар бор, албатта. Шулардан бири, ўзбошимчалик билан қурилган уй-жойларга тўлиқ кадастр ҳужжати расмийлаштирилиш имконияти яратиладими ёки ҳудудлар бўйича ҳам алоҳида қоидалар мавжудми?
– Энди якка тартибдаги уй-жойларнинг қонунчилик ҳужжатларига ҳамда ҳудудларни шаҳарсозлик жиҳатидан ривожлантириш тўғрисидаги ҳужжатларга (мавжуд бўлса) мувофиқ қурилиш таъқиқланган ҳудудларда жойлашмагани мазкур ер участкасига ҳамда унда қурилган бино ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш учун асос бўлади. Яъни суғориладиган экин ер майдонида жойлашмаган бўлса, шунингдек, кучли электр тармоқлари, ҳудуд газ ва магистрал газ қувурлари, сув иншоотларининг муҳофаза минтақасида жойлашмаган бўлса, кўчмас мулкка эгалик ҳуқуқи берилади.
– Илгари ҳудудлар, айниқса, қишлоқ жойларида яшовчи фуқароларнинг кўпчилиги уй-жой қурган ва ёнидаги бўш турган ер майдонларини 50 ва ундан ошиқ сотихгача бўлган жойларни ҳам эгаллаб олган. Эндиликда ушбу қонун билан мазкур тоифадаги ноқонуний ерларнинг ҳамма сотихи қанча бўлишидан қатъий назар расмийлаштириб бериладими?
– Мазкур қонунга асосан, агар ер участкаси 1998 йил 1 июлгача эгалланган бўлса, барча ҳудудларда 24 сотихдан кўп бўлмаган ўлчамда, агар ер участкаси 1998 йил 1 июлдан 2018 йил 1 майга қадар эгалланган бўлса 12 сотихдан кўп бўлмаган ўлчамда эгалик ҳуқуқи эътироф этилади. Қолган ер майдони эса ижара ҳуқуқи асосида башарти бошқа шахсларнинг ҳуқуқларини ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузмаса, деҳқон хўжалигини ёки томорқа хўжалигини юритиш учун эътироф этилади.
– Мутахассис сифатида фуқароларга ўз тавсияларингизни билдирсангиз.
– Ҳурматли фуқароларимиздан шуни сўраб қолардикки, янги қонун ижроси тегишли вазирлик ва идоралар томонидан тизимли тарзда таъминланади. Улар бу жараёнда ёлғонларга учиб, коррупцияга йўл қўймасликларини сўраб қоламан.
Суҳбатни Абдулазиз Мусаев ёзиб олди.
ЎзА.