Самарқанд вилояти Ички ишлар бошқармасига жорий йилнинг 15 февраль куни фуқаро С. ариза билан мурожаат қилган.
Мурожаатга кўра, Пастдарғом тумани ҳудудидаги Самарқанд вилояти Зарафшон магистрал тизимидан фойдаланиш бошқармасига қарашли, ижарада ишлатиб келаётган 1 гектарли ер майдонида экилган 158 туп тол дарахтини каллаклаш учун рухсатнома бериш эвазига, ўзини Пастдарғом тумани Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бўлими бошлиғи деб таништирган шахс ундан 4 миллион сўм пул талаб қилиб келаётганлигини билдиради. Фуқаро мазкур ҳолатга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.
Бу ҳақда Самарқанд вилояти ИИБ Ахборот хизмати хабар берди.
Ушбу аризага асосан, 15 февраль куни Самарқанд вилояти ИИБ ЖҚБ Коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бўлими ҳамда ДХХ Самарқанд вилояти бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида Пастдарғом туманида тезкор тадбир ўтказилди. Тезкор тадбирда ўзини туман Экология атроф муҳитни муҳофаза қилиш бўлими бошлиғи деб таништирган Пастдарғом тумани экология ходими А.Х. ариза муаллифидан 4 миллион сўм миқдоридаги пулни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.
Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 3-қисми «в» банди билан жиноят иши қўзғатилган.