Фуқаро ва давлат ўртасидаги ишончли тизим
Мамлакатимизда олиб борилаётган туб ислоҳотлар ва ўзгаришлар замирида юрт тинчлиги, халқимиз манфаати ва фаровонлигини таъминлаш мақсади ётади. Шу мақсадни рўёбга чиқариш учун юртимизда етарлича қонуний асослар яратилиб, кўплаб ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган.
Аҳолининг давлат идораларига ишончини ошириш, ҳар бир аризани “мантиқий якунига етказиш”, фуқароларни рози қилиш, уларнинг манфаатларини ифодалаш, холисликни таъминлаш бўйича Халқ қабулхонаси томонидан бир қатор ижобий ишлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, Бухоро вилояти Ғиждувон тумани Халқ қабулхонаси ҳудуддаги барча давлат ташкилотлари, фуқаролар муаммолари билан ишлайдиган раҳбарлар, бошқарув органлари билан самарали ҳамкорлик қилиб келмоқда. Айниқса. ҳудудий секторлар, вилоят ҳокимлигининг барча бошқармалари, давлат идоралари, коммунал ва хизмат кўрсатиш соҳалари корхоналари, жамоат уюшмалари ва ташкилотлари, жамғармалар доимий ҳамкорлиги йўлга қўйилган.

Бу ҳамкорлик туман Халқ қабулхонасига умид билан мурожаат қилиб келган ҳар бир фуқаронинг муаммосига ечим топишни тез ва самарали ҳал этиш имконини бермоқда. Ҳар бир мурожаат Ўзбекистон Республикаси Конституциясига асосан, қабул қилинган қонунларда белгиланган муддатларда кўриб чиқилиб, фуқарога ўз вақтида жавоб берилиши таъминланмоқда.
Фуқаро ва давлатнинг манфаатлари, ҳуқуқлари ва бурчлари билан ўзаро боғлиқлиги янгиланган бош қомусимизда ҳам белгилаб қўйилган. Халқ қабулхоналари айнан мана шу манфаатлар муштараклигида фуқаронинг манфаатлари тўғри ва муносиб тарзда таъминланишида асосий кўприк вазифасини бажармоқда. Шунинг учун, бугун халқ қабулхонаси фуқароларнинг давлат ва унинг органлари томонидан эътиборга олинмаётган муаммоларини ҳал этишда асосий механизмга айланганлиги, айнан муаммога алоқадор органга етиб боришида асосий йўл десак, хато бўлмайди.

Фуқароларнинг эҳтиёж ва муаммоларини ҳал этиш жараёнида Халқ қабулхоналарининг иш услублари ҳамда ваколатлари замон талабларига мос равишда такомиллашиб бормоқда. Бугунги кунда Халқ қабулхонаси фаолиятида фақат “кабинетда” ўтириб фуқароларни қабул қилиш эмас, жойларга чиқиб сайёр қабулларни ташкил этиш, секторлар, давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг уйма-уй юриш, ижтимоий ва бошқа объектларни ўрганиш орқали ижтимоий-иқтисодий муаммоларни аниқлаш ва ҳал қилиш фаолиятини доимий равишда мувофиқлаштириб бориш, ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳолатини баҳолашда иштирок этиш, ижтимоий-иқтисодий соҳадаги давлат дастурларини ишлаб чиқиш ва ижросини назорат қилишда иштирок этиш амалиёти кенг ўрин тутмоқда. Ушбу жараёнда ногиронлиги бўлган шахслар, кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламларига кўмаклашишга, уларнинг муаммоларини ҳал этишга асосий эътибор қаратилмоқда. Зеро жорий йилда янги таҳрирда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 1-моддасида Ўзбекистон – бошқарувнинг республика шаклига эга бўлган суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат деб белгиланган.
Олиб борилган ҳамкорлик натижасида жорий йилнинг олти ойи давомида Ғиждувон тумани Халқ қабулхонасига фуқаролардан 1388 масалага оид мурожаатлар келиб тушган. Уларнинг аксарияти ижобий ҳал этилиб, қолганлари назоратга олинган. Шу билан бирга, туман Халқ қабулхонаси томонидан мурожаатлар билан ишлаш, кўриб чиқиш ва ҳал этиш даражаси юзасидан доимий мониторинг ҳамда таҳлиллар олиб борилмоқда. Шунга кўра, 2023 йилнинг ўтган олти ойи мобайнида мурожаатларни кўриб чиқиш борасида аниқланган қонун бузилиш ҳолатлари ва уларни бартараф этиш юзасидан давлат идоралари, мутасадди ташкилотларга туман Халқ қабулхонаси томонидан учта “тақдимнома”, бешта таклиф, Халқ депутатлари Ғиждувон тумани Кенгашига иккита ахборот киритилган. Натижада тўққизта ходимга нисбатан интизомий чоралар кўрилган. Жумладан, 4 нафар масъулларга “ҳайфсан” интизомий жазо чораси қўлланилиб, 3 нафар масъул маъмурий жавобгарликка тортилди. 6 нафар ходимлар расман огоҳлантирилган.
Усмон Ҳалимов,
Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Бухоро вилояти Ғиждувон туманидаги
Халқ қабулхонаси мудири.
ЎзА