Фуқаро мурожаати ижобий ҳал этилди
Навоий вилояти Хатирчи тумани “Кўксарой” маҳалласида яшовчи фуқаро Алимардон Абдираимов яхши ниятлар билан туман марказидаги “Самсунг” савдо марказидан 9 миллион 300 минг сўмга электроскутер сотиб олган эди.
Фуқаронинг хурсандчилиги узоқ чўзилмади, боз устига носоз чиққан электроскутер масаласида савдо масъулларига қайта-қайта мурожаат қилиб оввора-ю сарсон бўлди. Савдо марказидаги масъуллар эса фуқаронинг мурожаатига эътиборсизлик билан турли баҳоналарни рўкач қилишдан нарига ўтмади.
Фуқаро туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига мурожаат қилди. Мурожаат жамият мутахассислари томонидан жойига бориб ўрганилди. Савдо маркази масъулларига истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги амалдаги қонунчилик талаблари, истеъмолчининг ҳуқуқлари, хизмат кўрсатувчининг мажбуриятлари тўғрисида батафсил тушунтирилди. Натижада савдо маркази томонидан электроскутернинг носоз эҳтиёт қисмлари янгисига алмаштирилиб, соз ҳолатда фуқарога топширилди.
Абдували Бўриев, ЎзА