“Фуқаро – маҳалла – адлия” тизими амалда
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ташаббуси билан Бухоро вилоятидаги оммавий ахборот воситалари вакиллари учун пресс-тур ташкил этилди. Унда Жондор туманида адлия органларининг аҳоли муаммоларини “фуқаро – маҳалла – адлия” тизими орқали ҳал этилаётгани масаласи ўрганилди.
Президентимизнинг 2024 йил 24 майдаги “Маъмурий ислоҳотлар доирасида адлия органлари ва муассасаларининг масъулиятини янада ошириш ҳамда ихчам бошқарув тизимини шакллантириш тўғрисида” ги фармони билан жойларда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларига сўзсиз риоя этилишини таъминлаш, аҳолига давлат ва ҳуқуқий хизматлар кўрсатишни кенгайтириш мақсадида адлия органларининг янги фаолият йўналишлари белгилаб берилди.
Фармонга асосан адлия органлари томонидан аҳолининг кундалик ҳаётидаги ҳуқуқий муаммоларни аниқлаш, таҳлил қилиш ва бартараф этишга қаратилган тизимли ишлар йўлга қўйилмоқда. Шунингдек, адлия органларининг ҳудудлардаги фаолиятини самарали йўлга қўйиш мақсадида туман (шаҳар) адлия бўлимларига 6 та янги вазифалар юклатилди.
[gallery-18095]
Шу мақсадда Адлия вазирлигининг кўрсатмасига мувофиқ аҳоли муаммоларини “фуқаро – маҳалла – адлия” тизими орқали ҳал этиш бўйича Бухоро тажрибаси ишлаб чиқилиб, амалиётга жорий этилди.
Унга кўра, фармон ижроси бўйича ишларни намунали ташкил этиш мақсадида туманларда маҳалла фуқаролар йиғинлари танлаб олинди. Уларда уйма-уй юриш, сайёр қабул ва тарғибот тадбирлари ўтказиш давомида аниқланган муаммоларни бартараф этиш юзасидан зарур чоралар кўрилди.
Пресс-тур доирасида Бухоро вилояти адлия бошқармаси томонидан Жондор тумани “Ушот” маҳалласи марказида “Ушот”, “Хумдонак”, “Кўлиён”, “Самончуқ” ва “Шўробод” маҳалла фуқаролар йиғинлари аҳолиси иштирокида “Адлия куни” тадбири ўтказилди.
Тадбирда тегишли давлат идоралари билан ҳамкорликда 5 та маҳалла фуқаролар йиғинининг аҳолиси учун сайёр қабул ўтказилди. Сайёр қабул давомида вилоят адлия органларининг масъул ходимлари томонидан фуқароларга ҳуқуқий тушунтириш ва маслаҳатлар берилди, айрим мурожаатлар ўрганиб чиқиш мақсадида иш юритувга олинди.
Шунингдек, тадбир давомида фуқароларга давлат ва ҳуқуқий хизматлар (нотариус, ФҲДЁ ва бошқа) сайёр тартибда кўрсатилди. Маҳаллалар аҳолиси учун бўш иш ўринлари ярмаркаси ҳам ташкил этилди.
Аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ошириш учун, аввало, маҳаллада ишлайдиган ходимларнинг ҳуқуқий билими юқори бўлиши керак. Эндиликда маҳалла раислари адлия ходимлари ёрдамида ўз ҳуқуқий билим ва кўникмаларини бепул ошириб боради. Шунга кўра, Бухоро тажрибаси бўйича нафақат раислар, балки “маҳалла еттилиги”ни улар фаолиятига оид қонунчилик ҳужжатлари мазмунини тушунтириш бўйича семинарлар ўтказиб борилмоқда. Хусусан, тадбир давомида “Маҳалла ҳуқуқшуноси” лойиҳаси доирасида 5 та маҳалланинг еттилигини ўқитиш ташкил этилди. Ушбу маҳаллаларда ягона ҳуқуқни қўллаш амалиётини шакллантириш бўйича методик ёрдам кўрсатилди.
Шунингдек, Фармонга асосан туман (шаҳар) адлия бўлимлари томонидан маҳаллаларда уйма-уй юриш, сайёр қабуллар, “хонадонбай” тарғибот тадбирлари, аҳолининг “маҳалла еттилиги” га мурожаати, “Адлия куни”, “Ҳуқуқий тарғибот куни” тадбирлари орқали аҳолининг кундалик ҳаётида учраётган ҳуқуқий муаммоларни аниқлаш ва бартараф этиш чоралари кўрилмоқда.
– Бугунги кунга қадар аҳоли муаммоларини ҳал этиш бўйича Бухоро тажрибаси асосида туман (шаҳар) адлия бўлимлари томонидан вилоятдаги 180 та маҳалла фуқаролар йиғинларидаги 2,5 мингга яқин хонадонларга уйма-уй кирилди, – дейди вилоят адлия бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Ш. Баҳронов. – 120 дан ортиқ ҳуқуқий муаммолар аниқланди. Ушбу муаммоларни бартараф этиш юзасидан “маҳаллабай” чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, ижрога қаратилди. Уйма-уй юриш давомида фуқароларга 2 мингга яқин ҳуқуқий тушунтириш ва маслаҳатлар берилди. Жойларда 1,5 мингдан ортиқ сайёр давлат хизматлари кўрсатилди.
Ҳафтанинг ҳар чоршанба куни маҳаллаларда “Ҳуқуқий тарғибот куни” тадбирлари ўтказилмоқда. Ушбу лойиҳа доирасида фармон қабул қилинган кундан ҳозирга қадар 204 та маҳаллада 1850 маротаба ҳуқуқий тарғибот тадбирлари амалга оширилди. 1600 нафар шахсларга, энг аввало, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари” ва “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” га киритилган фуқароларга бепул бирламчи юридик ёрдам кўрсатилди.
Умуман олганда, адлия ходимлари белгиланган график асосида ҳар қандай об-ҳаво шароитида “маҳаллабай” усулда ўз хизмат вазифаларини бажариши орқали “маҳалла еттилиги”га фуқароларнинг кундалик ҳаётидаги ҳуқуқий муаммоларни ҳал этишга яқиндан кўмаклашади.
“Адлия куни” доирасида аҳолига Ушот маҳалласида ўрнатилган инфокиоск орқали давлат хизматларидан фойдаланиш тартиби ҳақида батафсил тушунтириш берилди. Ушбу инфокиоск орқали 40 дан зиёд давлат хизматларидан онлайн фойдаланиш мумкин. Бу фуқароларнинг ортиқча оворагарчиликларини олдини олади ҳамда уларнинг вақти ва маблағини тежаш имконини беради.
Пресс-тур иштирокчилари Жондор тумани адлия бўлими биносида аҳолига хизмат кўрсатиш бўйича яратилган имкониятлар билан таништирилди. Замонавий шароитларга эга бинода адлия бўлими билан бирга давлат хизматлари маркази, юридик хизмат кўрсатиш маркази, ФҲДЁ бўлими ва “Мадад” ННТ ҳуқуқий маслаҳат бюроси ҳам фаолият кўрсатади. Жондор тумани адлия бўлими биносида аҳолига бир жойнинг ўзида давлат ва ҳуқуқий хизматлар кўрсатиш учун барча шароитлар яратилган.
Зариф Комилов,
Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари