Фуқароларимиз сайловга бефарқ эмас
Тошкент шаҳар Юнусобод туманидаги 140-сонли сайлов округига қарашли 724-сайлов участкасида сайловчилар ўзи муносиб деб билган номзодларга овоз бермоқда.
Тошкент шаҳар Юнусобод туманидаги 140-сонли сайлов округига қарашли 724-сайлов участкасида сайловчилар ўзи муносиб деб билган номзодларга овоз бермоқда.
– Сайлов участкамизга эрта тонгдан фуқаролар келиб, сайловда иштирок этмоқда – дейди 724-сайлов участкаси комиссияси раиси Равшан Райимжонов. Куннинг эрталабки қисмиданоқ 400 нафар сайловчи келиб, ўз номзодига овоз бергани фуқароларимизнинг сайлов жараёнига бефарқ эмаслигидан далолат. Сайлов участкамизда жами 1963 нафар сайловчи рўйхатга олинган. Жараённи халқаро кузатувчилар ҳам бевосита кузатиб бормоқда. Участкамизга 3 кундан буён ҳозиргача 22 та халқаро ташкилотлардан вакиллар келди.
– Сайловгача партиялар баҳсларини телевизор орқали бир неча бор кўрдим ва партиялар фаолияти ҳақида озми-кўпми билиб олдим, – дейди Умрзоқова Шоҳсанам. Бугун оиламиз билан сайловга келдик, номзодлар таржимаи ҳолини ўқидим. Ўзим маъқул деб билган номзодга овоз бердим.
Шунингдек, бугунги сайловда Тошкент шаҳар Юнусобод туманидаги 140-сонли сайлов округига қарашли 724-сайлов участкасида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов, Ўзбекистон мудофаа вазири генерал-майор Баҳодир Қурбонов, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси Актам Ҳаитов, Ўзбекистон Экологик партияси Марказий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси Борий Алихоновлар ўзлари муносиб деб топган номзодларга овоз берди.