Французларнинг 200 йиллик дил номалари очилди
“Euronews” нашри Британия ҳарбий архивида унутилган 200 йиллик севги мактублари Кембриж университети ходими туфайли, ниҳоят, ошкор бўлгани ҳақида ёзди.
Бу хатлар эгаларига етиб бормаган, шу кунгача қутида сақланган. XVIII асрда Франция ва Буюк Британия ўртасида кечган етти йиллик уруш пайти француз денгизчиларига ёзилган номалар ҳам самимий, ҳам тарихий далилларни тақдим этди. Дастлаб ҳеч қандай ҳарбий аҳамиятга эга бўлмаган ҳужжат ҳисобланган бу 104 та хат охир-оқибат Британия Миллий архивига топширилди ва улар Кембриж университети тарих профессори Рено Морье эътиборини тортмагунча, қутида унутилган ҳолда ётди.
“Тарихий ижтимоий фанлар” академик журналида чоп этилган бу топилма кўплаб инсонлар қалбини титратиб юборди.
– Шунчаки қизиқувчанлик ортидан қутини очишга жазм этдим ва таъсирли дил номаларини биринчи бўлиб ўқиётганимни англадим, – деди профессор. –XVIII аср аёлларининг севги изҳори – уруш йилларида ёлғизлик, ҳижрон, рўзғор ташвиши, фарзанд тарбиясида отанинг ўрнини сездирмаётган иродали оналар, вафодор келинлар турмушидан гувоҳлик берадиган тарихий ҳужжат эди, гўё.
Рено Морье “Галатея” кемасининг 181 аъзосини аниқлади: уларнинг тўртдан бири ушбу мактубларни олиши керак эди.
Денгизчилар ва мактуб муаллифлари бўйича олиб борилган тадқиқотлар айрим маълумотларни аниқлаш имконини берди.
Француз денгизчиларининг учдан бир қисми 1758 йил инглизларга асир тушган. Буюк Британия ва Пруссия иттифоқи ғалаба қозонган уруш даврида инглизлар томонидан 65 000 киши ҳибсга олинган. Уларнинг аксарияти касаллик туфайли ёки ва тўйиб овқатланмасликдан вафот этган, айримларигина озод қилинган.
Ўша даврда уларнинг оилалари билан боғланиши учун ягона йўл хат ёзиш эди.
Бу мактублар умумбашарий тажриба ҳақида, фақат Франция ёки XVIII асрга хос эмас, - дея қўшимча қилади тарихчи. – Мактублар машаққатли ҳаётга дош бериш имконидан сўзлайди. Ўзаро ишонч, ғамхўрлик, ҳис-туйғу изҳори инсон учун асосий таянч эканига ишора қилади.
Муҳаррама Пирматова, ЎзА