Хабарингиз бор, Франция президенти Эммануэль Макроннинг Фаластинни мустақил давлат сифатида расман тан олиш тўғрисидаги қарори халқаро майдонда турли муҳокамалар ва баҳсларга сабаб бўлди. Айниқса, бундай тўхтамга келган Макрон Исроил ва АҚШнинг ғазабига учради.
Хўш, бу қадам Франциянинг Яқин Шарқдаги мавқеини мустаҳкамлашга қаратилган геосиёсий ҳаракатми, ёки Макроннинг сиёсий жасоратини намоён этувчи дипломатик баёнотми?
Дарҳақиқат, Франция ЕИнинг ядровий қудратга эга вакили ва БМТ Хавфсизлик Кенгашининг доимий аъзоси сифатида Фаластинни тан олиши муҳим қадам дейиш, мумкин. Биламизки, Франция Европадаги энг кўп яҳудий ва мусулмон аҳолисига эга давлат ҳисобланади. Шу боис, Фаластин-Исроил можаросидаги ҳар қандай қарор ўлкада ички ижтимоий барқарорликка ҳам таъсир кўрсатиши мумкин.
Бундан ташқари, Франция ўзини бошқа давлатлар олдида етакчи ва мувозанатли ҳукумат сифатида кўрсатишни истайди. Кўплаб халқаро кузатувчиларга кўра, Франциянинг бу қадами Исроилга нисбатан жиддий сиёсий босим воситаси бўлиши мумкин. Чунки бу қарор Ғазода ҳарбий ҳаракатлар давом этаётган ва кучли гуманитар инқироз юзага келган вақтда қабул қилиниши билан аҳамиятлидир.
Брюсселдаги Европа Яқин Шарқ лойиҳаси раҳбарининг таъкидлашича, французларнинг ушбу қадами Исроилнинг Фаластин давлатини йўққа чиқариш уринишларига қарши сиёсий ҳаракатдир. Бу қарор Халқаро жиноят судида юзага келиши мумкин бўлган ҳуқуқий жараёнларда ҳам далил сифатида хизмат қилиши мумкин.
Шу нуқтаи назардан қараганда, Макроннинг тан олиш қарорини баъзилар реал сиёсий ўзгаришга эмас, балки рамзий ҳаракатга тенглаштирмоқда. Эътиборлиси, Франциядан ташқари, Европанинг бошқа давлатлари ҳам ушбу масалада ўз позициясини шакллантирмоқда. Масалан, Италия ташқи ишлар вазири Антонио Таяни: “Биз энди қирғин ва очарчиликка тоқат қила олмаймиз”, дея очиқ баёнот берди. Бироқ бу масалада Европада якдиллик йўқ. Масалан, Германия ҳалигача Фаластинни тан олишни орқага суриб келади. Холокост тарихи туфайли Германиянинг Исроилга бўлган айни дамдаги ташқи сиёсати шаклланган дейиш мумкин. Айрим экспертлар Макроннинг бу ҳаракатини ташқи сиёсатдаги фаолият орқали ички сиёсий танқидларга қарши курашиш, деб баҳоламоқда.
Францияда ички иқтисодий муаммолар — бюджет тақчиллиги, пенсия ислоҳотлари ва ижтимоий норозиликлар бор пайтда, гўёки Макрон ташқи сиёсат орқали халқаро саҳнада ўз нуфузини сақлашга интилмоқда. Айримлар бу ҳолат Франция ташқи сиёсати учун муҳим бўлиши мумкин, лекин фаластинликлар учун эмас, дейишмоқда.
Шу билан бирга, Макроннинг ташаббуси Европада Фаластин бўйича умумий сиёсатнинг шаклланишига туртки бериши, Исроилга нисбатан янги босим механизмларини юзага келтириши мумкин.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/3wdlt95DgP0" title="Fransiyaning Falastinni tan olishi nimani anglatadi?" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Кенжа Бекжонов, Анвархўжа Аҳмедов, ЎзА