Мирзо Улуғбек – буюк астроном ва математик, ўз даврининг атоқли алломаси, давлат арбоби, ҳукмдор ва соҳибқирон Амир Темурнинг набираси.
Ёшлигида Мирзо Улуғбек математика ва астрономияга катта қизиқиш билдиради. Унинг ақлий дунёқараши кенгайишида отаси ва бобоси тўплаган бой кутубхона замин бўлган.
Улуғбек даврида Самарқанд ўрта асрлар давридаги илм-фан ўчоқларидан бирига айланган. 1420 йилда Регистонда барпо этилган биринчи меъморий ансамбл – Улуғбек қурдирган мадраса эди. Ушбу мадрасага Улуғбек ислом оламининг кўплаб астроном ва математикларини таклиф этади.
Мирзо Улуғбек астрономия соҳасида яратган бой тажриба бутун дунёдаги астроном олимлар учун илм булоғи экани шубҳасиз.
Яқинда Франциянинг Тулуза шаҳрида жойлашган Фуқаролик авиацияси миллий мактаби ҳудудида Мирзо Улуғбек ҳайкали ўрнатилди. Ушбу муносабат билан ташкил этилган тадбирда Самарқанд вилояти делегацияси иштирок этди. Мазкур санъат асари нарпайлик ҳайкалтарош Умрзоқ Шарипов томонидан яратилган.
ЎзА