Францияда маҳбус “омадли сумка”да қамоқдан қочди
Франция жануби-шарқида жойлашган "Corbas" қамоқхонасида ғайри оддий қочиш ҳолати кузатилди. Бир маҳбус жазо муддатини ўтаб чиқаётган ҳамхонасининг сумкасига яшириниб, қочишга муваффақ бўлган. Бу ҳақда мамлакат турмалар бошқармаси директори СNN мухбирига маълум қилди.
Мазкур ҳолат шанба куни эрталаб аниқланган ва зудлик билан текширув бошланган. Мулозим ҳодисани “мисли кўрилмаган” дея баҳолаб, жиддий камчиликка йўл қўйилганини тан олди. Манбага кўра, ушбу ҳибсхона ҳаддан ташқари гавжум, бу эса ходимлар иш шароитини мураккаблаштирмоқда.
“Ови юришган” қочоқ бир неча жинояти учун жазо ўтаётган эди. Францияда аввал ҳам шунга ўхшаш воқеа юз берган. Ўтган йил “Пашша” лақаби билан танилган маҳкум Муҳаммад Амра қамоққа олиб борилаётган вақтда қуролли шахслар томонидан ҳужумга учраган ва қочишга муваффақ бўлган.
Мусулмон Зиё, ЎзА