Франция Янги Каледонияга қўшин киритди
Франция тартибсизлик ортидан Янги Каледонияга аскарларни олиб кирди. Бу ҳақда инқироз муносабати билан ўтказилган мажлисда мамлакат Бош вазири Габриэль Аттал маълум қилди. Мажлис BFMTV телеканали орқали тўғридан-тўғри намойиш қилинди.
“РИА Новости” ёзишича, ҳукумат бошлиғи “Франция армияси ҳарбийлари Янги Каледония оролига аэропорт ва портларда хавфсизликни таъминлаш учун жойлаштирилди”, – дея баёнот берган.
Аттал таъкидлашича, Қуролли кучлар ёрдамини денгиз орти ҳудуди олий комиссари Луи Ле Фран сўраган. Оролда “TikTok” ижтимоий тармоғи тақиқлаб қўйилган.
Тинч океанидаги ороллар гуруҳидан иборат, мамлакат чегарасидан қарийб 20 минг километр масофада жойлашган Янги Каледония устидан ҳукмронлигини Франция 1853 йил эълон қилган. Ҳозир 270 минг киши истиқомат қилаётган мазкур объектга алоҳида маъмурий-ҳудуд мақоми берилган.
Айни пайт Янги Каледонияда фавқулодда вазият тартиби эълон қилинган. Франция Вазирлар Маҳкамаси расмий вакили Приски Тевено маълумот беришича, Фавқулодда вазият тўғрисида чиқарилган декрет 12 кунгача амал қилади.
Республика ички ишлар вазири Жеральд Дарманен намойиш бошида турган, орол мустақиллигини талаб қилаётган икки шахсни уй қамоғида ушлашга кўрсатма берган.
ОАВ ёзишича, пайшанба куни эрталаб Президент Эммануэль Макрон вазиятни баҳолаш учун Хавфсизлик Кенгаши мажлисини чақирди.
13 май куни орол маркази Нумеада бошланган тинч намойиш кейинчалик тартибсизликка айланиб кетди. Бузғунчилар дўкон, дорихона, ёнилғи қуйиш шохобчаси ва автомобилларни ёқиб, талон-тарож қилди. Тўрт киши, жумладан 22 ёшли жандарм ҳалок бўлди. Юзлаб одамлар, ўнлаб хавфсизлик кучлари ходимлари яраланди.
Тартибсизликни келтириб чиқараётганлар, хусусан вояга етмаган ёшлар Франция парламентида муҳокама қилинаётган қонун лойиҳасига қарши чиқмоқда. Ҳужжат Янги Каледонияда ўн йилдан кўп яшаган шахсга маҳаллий сайловда иштирок этиш ҳуқуқи берилишини назарда тутади.
Тахминга кўра, митингни орол мустақиллиги тарафдори бўлган туб аҳоли, Канаки халқи вакиллари уюштирган. Улар агар сўнгги 20 йилда оролга келиб яшаётган европаликларга овоз бериш ҳуқуқи берилса, туб аҳоли озчилликни ташкил этиб қолишидан хавотир билдирмоқда.
Ҳозир Нумеа битими имзолангунга қадар, яъни 1998 йилгача оролга келганлар ва уларнинг болалари сайловчилар рўйхатига киритилган, холос.
С.Раҳимов,
ЎзА