Франция урушга тайёргарлик кўрмоқда(ми)?
Франция кутилмаганда йирик ҳарбий машғулот ўтказишни бошлади, деб хабар бермоқда “Euronews” нашри.
Таъкидланишича, “Orion 26” номли уч ойлик амалиёт доирасида 12 500 нафар аскар, 25 та кема, 140 та самолёт ва мингдан ортиқ дрон сафарбар этилган. Париж билан бирга 24 давлат иштироки жараёнга янада жиддий тус бермоқда.

Мамлакат мудофаа вазирлиги “Orion 26”ни Европада юқори интенсивликдаги уруш эҳтимолига тайёргарлик сифатида баҳоламоқда. Машғулотларнинг дастлабки босқичида Бретан соҳилларида десант тушириш амалиёти ўтказилади: унга 700 аскар ва 100 дан ортиқ техника жалб этилади. Апрель ойидан бошлаб эса машқлар НАТО қўмондонлиги остида давом этади.

“Orion 26” доирасида қуруқлик, ҳаво, денгиз, кибер ва космик уруш элементлари ҳам машқ қилинади. Ҳарбийлар реал ўқ-дорилар билан қарши ҳужумлар, дарёлардан ўтиш ва мураккаб логистика занжирларини синаб кўради.
Экспертлар фикрича, “Orion 26” Франциянинг нафақат ўз армиясини, балки халқаро коалицияни бошқариш қобилиятини ҳам синовдан ўтказмоқда. Расмийлар Европада уруш энди назарий хавф эмас, балки реал сценарийга айланиб бораётганини очиқ айтмоқда.
Мусулмон Зиё, ЎзА