Франция тарихига оид монографиялар тақдимоти
Бухорода Раҳмон Фарманов ва Муаззамхон Фармонованинг ўзбек тилидаги "Амир Темур ва Император Наполеон" ва "Наполеон Бонапарт" китобларининг тақдимоти бўлиб ўтди.
Муаллифларнинг илгари мутахассислар томонидан юқори баҳоланган монографиялари мамлакатимиз тарихидаги Иккинчи Уйғониш даврининг қизиқарли ва мураккаб масалаларига бағишланган. Монография икки даврнинг энг машҳур сиёсий раҳбарларининг қиёсий таҳлили, Ғарб тарихининг энг кўзга кўринган шахсларидан бири, замонавий Франция давлатининг асосини қўйган қўмондон ва давлат арбобининг шахсияти таҳлилини ўз ичига олади.
– Пойтахтимиз олимларининг китоблари, айниқса, ёшлар орасида катта қизиқиш уйғотади, – дейди Бухоро давлат университети факультети декани, француз филологияси бўйича мутахассис, профессор Малохат Жўраева. – Бу монографиялар кутубхоналар учун қимматбаҳо бойлик бўлиб, талабаларнинг Франция тарихига оид билимларини янада оширишга хизмат қилади.
Бухоро вилояти мактаблари, коллежлари, лицейлари, олий ўқув юртларида француз тили фаол ўрганилмоқда. Бухоро давлат университетида Vatel туризм ва меҳмонхона бошқаруви бизнес-мактабининг филиали очилган. Университетда Франция тарихига оид магистрлик диссертациялари ҳимоя қилинмоқда. Ушбу олийгоҳда илк бор француз филологияси бўйича фалсафа доктори илмий даражасини олиш учун диссертацияларни ҳимоя қилиш бошланди. Бухоро воҳасида француз археологик экспедицияси ишламоқда.
Катта Париж мегаполисининг муҳим шаҳри бўлган Рюэй-Мальмезон Бухоро билан биродарлашган шаҳар эканлиги ҳам маълум. Икки шаҳарда кўргазмалар, ўз мамлакатларининг сайёҳлик салоҳияти ва маданий мероси тақдимотлари, делегациялар алмашинуви ва ишбилармон доиралар ўртасида мунтазам мулоқот ўтказилади.
2019 йил апрель ойида Рюэй-Мальмезон марказий боғида "Ўзбек боғи" очилди. Унинг ҳудудида буюк қомусий олим Абу Али ибн Сино ҳайкали ўрнатилди. 2021 йилда Наврўз байрами пайтида бу боғда ўзбек дастурхонининг асосий ширин безаги бўлган анор кўчатлари экилган.
Юқорида тилга олинган ўзбек муаллифларининг тарихга оид китобларининг нусхалари Рюэй-Мальмезон шаҳар ҳокимлигига юборилган.
Зариф Комилов, ЎзА