Франция нефтдан воз кечмоқчи: 240 миллион евролик режа
Франция ҳукумати энергия соҳасида жиддий ислоҳот бошлади. Бош вазир Себастьян Лекорню электрлаштиришни энди фақат экологик эмас, балки миллий хавфсизлик масаласи, деб атади. Бу қарор Яқин Шарқдаги уруш ва нефть нархи кескин ўсиши ортидан қабул қилинди. Ҳукуматнинг мақсади импорт қилинадиган нефть ва газга боғлиқликни камайтириш.
Янги дастур доирасида Франция 240 миллион евро сармоя ажратади. Бу маблағ электр юк машиналари учун субсидия, қувватлантирувчи қурилмалар ва саноат лойиҳаларига йўналтирилади. Шунингдек, кам таъминланган оилаларга иссиқлик сўрувчи мосламалар ўрнатиш учун молиявий ёрдам берилади. Шу тарзда газ ва нефть билан ишлайдиган тизимлардан воз кечиш рағбатлантирилади.
Режага кўра, мамлакат 2030 йилгача нефть ва газга боғлиқликни 60 фоиздан 40 фоизга туширмоқчи. Бунинг учун транспорт ва биноларни кенг миқёсда электрлаштириш кўзда тутилган. Электромобиллар ва қуёш панелларига эса талаб ортяпти. Шу билан бирга, Франция атом энергетикасига ҳам таянишда давом этмоқда.
Мутахассислар бу қадамни муҳим деб баҳоламоқда, айримлар эса бу ҳали етарли эмаслигини айтмоқда. Зеро, мамлакатда қайта тикланувчи энергия улуши ҳануз паст даражада. Шунга қарамай, Франция бу режа орқали Европа учун намуна бўлишга ҳаракат қилмоқда.
Мусулмон Зиё, ЎзА