Франция делегацияси билан учрашув
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Афғонистон бўйича Махсус вакили Исматулла Иргашев Франция Республикаси Қуролли кучлар вазирлигининг Европа, Шимолий Америка ва кўп томонлама ҳаракатлар департаменти бошлиғи Гиом Олланье бошчилигидаги делегация билан учрашди.
Суҳбат чоғида Афғонистондаги ҳозирги вазият, шунингдек, Ўзбекистон ва Франциянинг Афғонистон инқирозини бартараф этиш борасидаги саъй-ҳаракати масаласи муҳокама қилинди.
Жаноб Олланье Ўзбекистоннинг Афғонистон бўйича умумий минтақавий позицияни ишлаб чиқиш, шунингдек, мамлакатда энергетика ва транспорт соҳасида инфратузилма лойиҳаларини амалга оширишга қаратилган фаолиятини юқори баҳолади.
Франция бизга қўшни ушбу давлатдаги ҳозирги гуманитар вазият ва ижтимоий-иқтисодий аҳволдан хавотирда экани маълум қилинди.
Томонлар Афғонистонда кенг вакиллик тамойилига асосланган ҳукумат тузиш, шунингдек, аёллар ва миллий озчилик ҳуқуқи таъминланиши мамлакатда барқарорликни таъминлашда муҳимлиги хусусида якдил фикр билдирди.
Ташқи ишлар вазирлиги
матбуот хизмати