Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида “Солиқни ҳисоблаб чиқариш тартибининг айрим қоидалари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.
— Мамлакатимизда солиқ тизимини тубдан ислоҳ қилиш, солиқ юкини изчиллик билан камайтириш ва солиқ солиш тизимини соддалаштириш бўйича кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилди, — деди Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Дилшод Султонов. — Хусусан, янги таҳрирдаги Солиқ кодекси қабул қилиниб, унда тўғридан-тўғри қўлланувчи нормалар жорий этилди. Солиқлар сони 13 тадан 9 тага камайтирилди. Янги таҳрирдаги Конституциянинг 63-моддасида солиқ ва йиғимлар адолатли бўлиши ҳамда фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини амалга оширишига тўсқинлик қилмаслиги кераклиги белгилаб қўйилган. Солиқ тизимида амалга оширилаётган ўзгаришлар натижасида солиқ юки босқичма-босқич камайтирилмоқда.
Шу билан бирга, географик жойлашиши, ишлаб чиқариш ҳамда ижтимоий инфраструктураси ривожланмаган ҳамда иқтисодий салоҳияти сустлиги сабабли ривожланишдан орқада қолаётган ҳудудларга қўшимча имкониятлар яратиш зарурати юзага келмоқда. Бу борада давлатимиз раҳбарининг қатор топшириқлари ва ҳужжатларда белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, Солиқ кодексининг қатор моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Мазкур қонун лойиҳаси билан республиканинг 11 та вилоятидаги 47 та “шароити оғир” бўлган туманлар учун вақтинчалик солиқ имтиёзларини бериш кўзда тутилмоқда. Жумладан, 2025 йил 1 январгача мазкур туманларда янгидан ташкил этилган ва фаолият олиб бораётган тадбиркорлик субъектлари учун айланмадан олинадиган солиқ ставкаси 1 фоиз қилиб белгиланмоқда.
Шунингдек, фойдаланилмаётган объектлар эгаларига нисбатан мол-мулк ва ер солиғининг оширилган ставкалари қўлланилишини бекор қилиш, давлат органларига, муассаса ва ташкилотларига доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан ажратилган ва улар томонидан бошқа ташкилотларга ижарага берилган ерларни солиққа тортиш тартибини такомиллаштириш, ерлардан кадастр ҳужжатлари мавжуд бўлмаган ёхуд ер участкасига бўлган ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжатларда кўрсатилганидан каттароқ ҳажмда фойдаланилганда уй-жой эгалари учун уч карра оширилган ставкада ер солиғини ҳисоблаш тартиби қўлланишини тўхтатиб туриш назарда тутилмоқда. Шунингдек, электротехника тармоқ корхоналарининг ихтисослаштирилган марказларини қўллаб-қувватлаш орқали инновацион технологиялар жорий этилишини рағбатлантириш кўзда тутилмоқда, — деди вазир ўринбосари.
Қонун лойиҳаси қизғин муҳокама қилинди, уни янада такомиллаштириш, пишиқ-пухта ҳолатга келтириш бўйича депутатлар ўз фикр-мулоҳазаларини, таклифларини берди. Айрим нормалар юзасидан асосли саволлар кўтарилди ва мутасаддилардан атрофлича жавоблар олинди. Муҳокамалардан кейин қонун лойиҳаси биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан қабул қилинди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА