Фоторепортёр ижодига чизгилар
3 май – Бутунжаҳон матбуот эркинлиги куни
ЎзА деган ташкилот кеча ёки бугун пайдо бўлиб қолмаган. Унга қанчадан қанча биз билиб-билмаган ижодкорлар, муҳаррирлару техник ходимлар, фидойи мутахассислар, таржимону фотомухбирларнинг меҳнати сингган.
Бу ерда одамларнинг сочи оқарган, кунларни тунларга улаб умри ўтган, тонгга қадар мамлакат ҳаётига оид энг сўнгги янгиликларни ёритишга виждонан ва ҳалол ёндашганлар. Ҳозир ҳам шундай! Таниқли фотожурналист Рустам ака Шагаев ЎзАда ишлаган фидойи журналистлардан биридир.
Ишга эндигина келган кезларимда Рустам аканинг анча бамайлихотир, хотиржам идорага келиб-кетишини, баъзида нималарнидир берилиб ёзаётганига кўп гувоҳ бўлганман. Табиатан камтар, камгап Рустам ака бир оғиз ҳам гапирмайин, тадбирнинг дуч келган жойида ҳолат-лаҳзаларни “шақ-шуқ” этиб расмга оларди-да, бир зумда ишини битирарди. Унинг суратларни атайин уюштириб олиш одати йўқ. Шунданми, фотоижодкорнинг расмлари жуда табиий, ҳаётий. Унинг яна бир одати – кўпинча ўзи олган суратларга ўзи очерк, мақола, лавҳа тайёрлайди. У ёзган мақолалар унча-мунча мухбирнинг материалидан пишиқ-пухта бўларди. Завқли, тез ўқилади. Сабаби фотоижодкорнинг зийрак нигоҳи, теран мантиқий мушоҳадаси, катта ҳаёт тажрибаси билан тайёрланган материал бошқача бўлиши ҳам мумкин эмас. "Меҳнат шуҳрати" ордени соҳиби Рустам Шагаев ўзбек фотография санъатини хорижий давлатларда муносиб тарзда намойиш этаётган ижодкордир.
[gallery-2260]
Яқинда Рустам Шагаевнинг "Объективда: одамлар, вақт, воқеликлар" ("В объективе: люди, время, события") номли китоби нашрдан чиқди. Китобдан ўрин олган ҳужжатли ҳикоялар, очерк ва репортажлар, туркум мақолаларни ўқувчи қизиқиб мутолаа этиши табиий. Сабаби, унда баён этилганларнинг бари равон, лўнда, ҳаётий, ҳам қизиқарли тарзда ифода этилган. Эътиборга молик жиҳати, китобда баландпарвоз, пафосга тўла, зерикарли ҳикоянинг ўзи йўқ. Ёзилганларнинг бари фотоижодкорнинг бевосита ўзи гувоҳ бўлган, ўрганган, таҳлил қилган, мушоҳада этган, воқеликлар, жиддий ўйланиб тарозига солинган фикрлардир.
Китобда ўзи камтарин ва оддий одамлар бўлса-да, бироқ маънавияти, қалб саховати билан ҳар қандай бойларга ибрат бўлгулик Шомаҳмудовлар оиласи, ундан паноҳ топган болалар тақдири ҳақидаги лавҳалар ўқувчини бефарқ қолдирмайди. Айни пайтда халқимизнинг севимли фарзанди, атоқли давлат ва жамоат арбоби Шароф ота Рашидов, бебаҳо конларнинг билимдони, геолог олим Иброҳим Ҳамробоев, даҳо шоиримиз Абдулла Орипов, буюк санъаткор Ботир Зокиров ва бошқа яна кўплаб инсонлар ҳақидаги очеркларда қаҳрамонларнинг ички дунёси, аслияти, ўзлиги яққол очиб берилгани диққатга сазовор. Ўқувчи муаллиф билан бирга гоҳ Рўзи Чориев устахонасида, гоҳи хонанда Насиба Абдуллаева хонадонида бўлади. Баъзан фазогирлар ёхуд моҳир ошпаз гурунгига беихтиёр қўшилиб кетганини сезмай қолади. Бунда раҳматли Машраб Бобоевнинг ишга, ижодга нечоғли фидойилик билан ёндашганига гувоҳ бўласиз.
Муаллиф тилга олган қаҳрамонларнинг бари оддийликда, камтарликда, одамгарчилик, саховатда буюк инсонлар эканига яна бир карра ишонч ҳосил қиламиз. Муаллифнинг "Афғон кундалиги" туркумидаги мақолаларини эса ҳаяжон ва изтиробсиз ўқиб бўлмайди. Жафокаш халқнинг бугуни, оғриқли нуқталари уларда рўй-рост очиб берилган.
Китоб яна шуниси билан қадрлики, унда ўзбек журналистикаси, шу жумладан, ЎзА ижодий устахонасидаги жараён ҳам ўзига хос тарзда очиб берилган.
Бугун матбуот эркинлиги ҳақида ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ гапирилмоқда. Муаммолар борича айтилмоқда. Рустам Шагаев эса сўз эркинлиги масъулиятини ҳамиша теран англайдиган ижодкордир.
Назокат Усмонова,ЎзА