Уларни камайтириш, йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш учун ҳайдовчиларнинг жавобгарлик чоралари кучайтирилмоқда, хизматдаги орган ходимларини обрўсизлантиришга қаратилган видео ва бошқа тасвирларни тарқатганлик учун жазо белгиланмоқда.
Олий Мажлис Сенати Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасида муҳокама қилинган “Йўл ҳаракати хавфсизлиги тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодекси, Жиноят-процессуал кодекси ва Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги қонунда назарда тутилган.
Мазкур қўмита раиси Қутбиддин Бурҳонов билан қонуннинг энг муҳим жиҳатлари ҳақида суҳбатлашдик.
– Мазкур қонун Қонунчилик палатасида кўриб чиқилиши жараёнида аҳоли орасида ва ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлди, – дейди Қ.Бурхонов. – Қайд этиш лозимки, содир этилаётган оғир оқибатли йўл-транспорт ҳодисалари ва бунинг натижасида фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига жиддий зиён етаётгани ҳеч кимга сир эмас.
2021 йилда 10 мингдан ортиқ йўл-транспорт ҳодисаси содир этилиб, уларда 2 минг 426 нафар инсон ҳалок бўлган, 9 минг 230 нафар инсон тан жароҳати олган. 2022 йилда эса 9 минг 902 йўл-транспорт ҳодисаси содир этилиши оқибатида 2 минг 356 нафар инсон ҳалок бўлган ва 9 минг 606 нафар инсон тан жароҳати олган.
2023 йилнинг 11 ойида 8 минг 693 ЙТҲ содир этилиб, уларда 2 минг 80 нафар инсон ҳалок бўлган ва 8 минг 55 нафар инсон тан жароҳати олган.
Ушбу йўл-транспорт ҳодисаларининг содир бўлишига асосан фуқаролар томонидан қонунчиликда белгиланган жавобгарликларни менсимаслик бўлса, иккинчидан уларнинг амалдаги йўл ҳаракати қоидаларини билмаслиги сабаб бўлмоқда.
Йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш билан бирга фуқароларимизнинг ҳаёти ва соғлиғини асраб қолиш ҳар биримизнинг бурчимиздир.
Ўтказилган ўрганишлар таҳлили йўл ҳаракати қоидабузарликлари учун амалдаги қонун ҳужжатларида таъсир кўрсатувчи омиллар мавжуд эмаслиги ва бу билан жазо муқаррарлиги таъминланмагани йўл-транспорт ҳодисалари кўпайишининг асосий сабабларидан бири бўлмоқда.
Бу каби салбий оқибатларнинг олдини олиш ва йўл ҳаракати қоидаларини тартибга солиш мақсадида мазкур қонун Ички ишлар вазирлиги томонидан ишлаб чиқилди ва Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинди.
– Қонун билан қайси қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиши кутилмоқда?
– Жиноят, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ҳамда Жиноят-процессуал кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Жумладан, Жиноят кодексига тегишли ўзгартиришлар киритиш орқали транспорт воситасини такроран маст ҳолда бошқарганлик учун жиноий жавобгарлик, яъни уч йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиб, икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки икки йилдан уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши белгиланмоқда.
Қайд этиш лозимки, маст ҳолда транспорт воситасини бошқариш билан боғлиқ 2020 йилда 25 минг 35 та, 2021 йилда 40 минг 542 та, 2022 йилда 47 минг 365 та ва 2023 йилда 41 минг 866 та ҳуқуқбузарлик аниқланган.
Ачинарлиси, фақатгина 2023 йилда қарийб 6 минг нафар ҳайдовчи маст ҳолда транспорт воситасини бошқарганлик учун маъмурий жавобгарликка тортилгандан сўнг такроран транспорт воситасини маст ҳолатда бошқаргани аниқланган.
Маст ҳолда транспорт воситасини бошқариш оқибатида 2020-2023 йилларда қарийб 500 га яқин йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган ва бунинг оқибатида ушбу даврда 271 нафар фуқаро ҳалок бўлган.
Бундан ташқари, Жиноят кодексига автомототранспорт воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, шунингдек, имтиҳон ўтказиш ва ҳайдовчилик гувоҳномасини бериш тартибини бузганлик, транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этилган шахснинг транспорт воситасини бошқарганлик, сиқилган табиий газда, суюлтирилган нефть газида ёки дизель ва газсимон ёқилғи аралашмасида ишлайдиган транспорт воситаларидан фойдаланишда хавфсизлик қоидаларини бузганлик учун ҳам жиноий жавобгарлик белгиланмоқда.
– Ҳайдовчиларнинг маданияти ҳам йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олишда жуда муҳим. Бу борада қандай янгиликлар кутилмоқда?
– Ҳақиқатан ҳам шундай. Қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга транспортда безорилик, яъни айрим ҳайдовчилар томонидан бошқариш маданиятига риоя қилмай, транспорт воситасини кескин бошқариш ва бошқа ҳаракатларда ифодаланган “агрессив бошқариш”, “дрифт”, “шахмат” шаклида ҳаракатланиш, йўлларда тўсиқларни пайдо қилиш каби қоидабузарликлар учун жавобгарлик белгиланмоқда.
Таъкидлаш лозимки, 2023 йилда фақатгина фото ва видео қурилмалари ёрдамида қарийб 13 миллионга яқин йўл ҳаракати қоидабузарлиги аниқланган бўлса, уларнинг 3 миллион 350 мингтаси битта транспорт воситаси ҳайдовчиси томонидан 4 тагача, қарийб 3 миллионга яқини эса 5 тадан 10 тагача, 1 миллион 700 мингтаси 11 тадан 20 тагача, 187 мингтаси 31 тадан 40 тагача, 87 мингтаси 51 тадан 100 тагача, эътибор беринг 18 мингтаси 100 тадан кўп йўл ҳаракати қоидабузарлигини содир этган.
Биргина мисол, 2023 йил 13 декабрь куни “Самарқанд-Ғузор” автомобиль йўлининг 133 км.да Қамаши тумани “Пахтаобод” МФЙ ҳудудида ҳаракатланган, 1993 йилда туғилган, 6 йил ҳайдовчилик стажига эга бўлган ҳайдовчи “Ласетти” автотранспорт воситасини юқори тезликда бошқариб кетаётиб, “ИСУЗУ” русумли транспорт воситасининг орқа қисмига бориб урилиб, ЙТҲ содир этган.
Оқибатда 4 нафар фуқаро ҳалок бўлган ва 1 нафар фуқаро “бош мия оғир жароҳати, бош мия комаси” ташхиси билан шифохонага ётқизилган.
“Ласетти” автотранспорт воситаси ҳайдовчисининг охирги бир йил давомида содир этган қоидабузарлиги ўрганиб чиқилганда, ушбу фуқаро томонидан бир йил давомида 72 та қоидабузарлик содир этгани аниқланди.
Шу боис, қонун билан жарима баллари ҳисобланган йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун маъмурий жазо қўллаш каби ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик белгиланмоқда.
Хусусан, ҳайдовчига бир йил давомида 12 ва ундан ортиқ балл ҳисобланса, транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан суд тартибида 3 йилгача маҳрум қилиш жазоси ҳамда қоида бузмаган ҳайдовчиларга ҳисобланган жарима балларини қисқартириш орқали (бунда 1 йил давомида қоидабузарлик содир этмаган ҳайдовчига биринчи ҳисобланадиган жарима баллни инобатга олмаслик ҳамда 6 ой давомида қоидабузарлик содир этмаган ҳуқуқбузарга белгиланган жарима баллидан 2 жарима баллини айириб ташлаш йўли билан) рағбатлантириш чоралари қўллаш тартиби (Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан) белгиланмоқда.
– Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг ўз хизмат вазифаларини бажаришлари билан боғлиқ маълумотларни уларни обрўсизлантириш ёки ҳақорат қилиш мақсадида Интернет ахборот тармоғида жойлаштириш учун жазо белгиланиши қандай натижа берди?
– Бундай ҳаракатлар учун базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик баравари миқдорида жарима солишга ёки ўн беш сутка муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлиши белгиланмоқда.
Мазкур норма юқорида қайд этганимдек аҳоли орасида ва ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Шу боис, қонунни батафсил муҳокама қилиш мақсадида қўмитамизнинг экспертларидан ташқари ИИВ Академияси, Жамоат хавфсизлиги университети, ТДЮУ кафедра мудирлари ва профессор-ўқитувчиларини ҳамда қонун ижодкорлари – ИИВ Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг раҳбар ходимларини таклиф қилганмиз.
Қайд этиш лозимки, маълумотларга кўра, 2022 ва 2023 йилларда ўз хизмат вазифасини бажараётган йўл-патруль хизмати ходимлари 253 марта фуқаролар томонидан фото ва видеотасвирларга олиниб, интернет тармоқларига тарқатилган. Мазкур видеотасвирларнинг барчаси Ички ишлар вазирлигининг масъул бошқармалари томонидан ўрганиб чиқилган.
Ўрганилган видеотасвирларнинг 102 тасида ҳайдовчилар йўл ҳаракати қоидаларини ўзлари бузган бўлса-да, ходимларнинг хатти-ҳаракатларига нотўғри изоҳ берган ҳолда ижтимоий тармоқларга жойлаштирилган.
Бундан ташқари, видеотасвирларни олаётган ҳайдовчиларнинг аксарияти йўл ҳаракати қоидаларини бузганлиги учун йўл-патруль хизмати ходимлари томонидан тўхтатилганлиги, қоидабузарлик учун маъмурий баённомаларни расмийлаштириш учун қаршилик кўрсатиб тасвирга олинганлиги, шундан сўнг нотўғри изоҳлар берилиб, ижтимоий тармоқларга тарқатилаётганлиги маълум бўлмоқда.
Таъкидлаш лозимки, видеотасвирларни ўрганишга 2-3 кунлаб, айримлари учун эса бир ҳафталаб вақт сарфланади. Бу каби ҳолатлар эса ходимларнинг халқ орасида обрўсизланишига олиб келмоқда.
Ушбу йўналишдаги хорижий тажрибалар ўрганилганда қатор ривожланган давлатлар қонунчилигида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимларини суратга олиш тақиқлангани, муайян чоралар белгиланганини кўриш мумкин.
Масалан, Буюк Британияда кўчаларда ёки биноларда хизмат вазифаларини бажараётган ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимларини уларнинг розилигисиз суратга олишни тақиқловчи норма мамлакат парламенти томонидан 2000 йилда тасдиқланган.
Мазкур қонунга кўра, хизмат вазифаларини бажараётган ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимини унинг розилигисиз камера, видеокамера ёки мобиль телефон орқали тасвирга олган ёки тасвирга олишга уринган шахс ҳибсга олиниши ва кейинчалик 10 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.
Германияда полиция ходимларини суратга олиш тақиқланган эмас, бироқ ушбу фотосуратлар ёки видеоларни ижтимоий тармоқлар ва интернетда чоп этиш тақиқланган.
Миллий қонунчилигимизда эса ички ишлар ходимларини тасвирга олиш тақиқланмаяпти, фақат олинган фото ва видеотасвирларни уларни обрўсизлантириш ёки ҳақорат қилиш мақсадида тарқатиш тақиқланмоқда ва жавобгарлик белгиланмоқда.
Зеро, соҳа вакилларининг хизмат вазифалари давомидаги ҳаракатлари – тартиб-интизомни сақлаш, қонун талабларига риоя қилинишини таъминлашдан иборат.
ЎзА мухбири
Норгул Абдураимова
суҳбатлашди