Форумда энг фаол тадбиркор аёллар тақдирланди
Термиз шаҳрида “Тадбиркор аёл” Ўзбекистон ишбилармон аёллар ассоциацияси вилоят ҳудудий бўлинмаси “Муваффақиятли аёл ҳамма нарсада муваффақият қозонади” мавзуига бағишланган форум ўтказди.
Видеоалоқа шаклида “Zoom” дастури орқали ташкил этилган тадбирда барча туманлар тадбиркорлари онлайн иштирок этди.


Форумда сўнгги йилларда мамлакатимизда хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрни ва мавқеини мустаамлаш, миллий иқтисодиётимизни ривожлантириш, воҳанинг инвестицион салоҳиятини юксалтиришда аёлларнинг ўрни ҳақида атрофлича фикр юритилди. “Туризм соҳасини ривожлантиришда аёлларнинг ўрни”, “Меҳмон уйлари истиқболлари Сурхондарё мисолида”, “Аёллар тадбиркорлик фаолиятини стратегик ривожлантириш жараёнида давлат идоралари ва хусусий бизнес ҳамкорлиги” мавзуларига бағишланган маърузалар тингланди.
Вилоят хотин-қизлари яратилаётган имкониятлардан оқилона фойдаланиб, турли соҳаларда ўз бизнесини ривожлантирмоқда. Бу жараёнда воҳага хос миллий ҳунармандчилик ҳам юксалиб бораётир. Бу форумда Жарқўрғон туманидаги “Сарманган” фольклор этнографик гуруҳи намойиш этган миллий либосларда ҳам ўз аксини топди. Дизайнерлар томонидан тақдим этилган коллекциялар тадбир иштироокчиларининг олқишига сазовар бўлди.


Форумда вилоятда аёлларнинг мавқеи ва нуфузини янада ошириш, улар учун бўш иш ўринлари яратиш, муҳтожларга ёрдам кўрсатиш каби хайрли ишларда фаоллик кўрсатаётган бир гуруҳ тадбиркор аёлларга вилоят ҳокимлиги ҳамда “Тадбиркор аёл” Ўзбекистон ишбилармон аёллар ассоциацияси Сурхондарё вилоят худудий бўлинмасининг ташаккурнома ва эсдалик совғалари топширилди.
Айни пайтда Сурхондарё вилоятида 10 мингга яқин аёл тарбиркорлик фаолияти билан шуғулланиб, юрт ободлиги ва аҳоли фаровонлиги йўлида хизмат қилмоқда.


Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА