Форум: "Ёш оилалар ва қизлар"
Сирдарё вилояти Гулистон шаҳридаги Ёшлар марказида 11 октябрь – Халқаро қизлар куни муносабати билан “Ёш оилалар ва қизлар” форуми бўлиб ўтди.
Тадбиркор, ҳунарманд қизларнинг қўл меҳнати намуналари, китобхон, ёш ихтирочи, олима талаба қизларнинг илмий лойиҳалари кўргазмалари намойиш этилди.Форумда вилоят ҳокими Ғофуржон Мирзаев, Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитасида доимий асосда ишловчи сенатор Манзура Салимова, фалсафа фанлари доктори Жамила Шермуҳаммедова, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, “Дўстлик” ва “Меҳнат шуҳрати” орденлари соҳиби Зулфия Мўминова, Ёзувчилар уюшмаси Сирдарё вилояти бўлими раҳбари, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Ҳаётхон Ортиқбоева иштирок этди.

- Сирдарёнинг билимли, шижоатли ва интилувчан қизлари улкан ютуқларга эришмоқда, - дейди Ғофуржон Мирзаев. – Амалга оширилаётган ёшларга оид давлат сиёсати доирасида қизларимизнинг ҳар томонлама етук ва баркамол шахслар сифатида улғайишлари учун барча шарт-шароит, имконият ва имтиёзларни яратиб бериш, уларнинг ҳар бир соҳадаги қизиқишларини янада рағбатлантириш, жамиятдаги ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, тенгдошлари ўртасида ҳамкорлик ва ташаббускорлик муҳитини яратиш борасида амалга оширилаётган ишларни жаҳон ҳамжамияти ҳам эътироф этмоқда.

Форум доирасида ўтказилган “Мен ҳам тадбиркор бўламан!”, “Китоб ўқиш оиладан бошланади”, “Китобхон қиз”, “Янги Ўзбекистонда қадрият улуғ”, “Ким нимага қодир” акциялари, хонатлас фестивали, “Тўмарис авлодлари”, “Ёш спортчи қизлар”, “Яшил майдон маликалари” туркум спорт мусобақалари, “Энг моҳир пазанда қиз”, “Ватан менинг юрагимда”, “Халқлар дўстлиги”, “Ўзбекистон - жаннатмакон юрт” каби тарғибот тадбирларида қизлар иқтидор ва маҳоратини намойиш этди.
Шунингдек, «Қизларжон клуби» ҳамда «Бибихоним мактаби»нинг амалий машғулотлари ташкил этилди. Учрашувда қизлар учун зарур маълумотлар, ўқиш ва ҳаётда ўз ўрнини топиш, шунингдек, оилавий муносабатларни шакллантиришда керак бўладиган муҳим жиҳатлар ҳақида сўз юритилди.

Ш.Суяров, Ф.Тошматов (сурат), ЎзА