Форс кўрфази инқирози: Яқин Шарқ зиддияти жаҳон иқтисодиётини қандай ўзгартирмоқда?
Эрон атрофида юзага келган ҳарбий зиддият оқибати биринчи навбатда нефть инқирози билан боғланса-да, бугунги кунда бу жараён бутун дунёга таъсир ўтказмоқда. Африка озиқ-овқат бозоридан тортиб, Жануби-шарқий Осиё электр тармоғи ва Европа энергетикасигача бўлган барча соҳалар мазкур можародан талафот кўрмоқда. Жаҳон иқтисодиёти янги хатарлар, ресурс тақчиллиги ва мураккаб логистика шароитига мослашиши талаб қилиняпти. Маълумотга кўра, инқироз глобал иқтисодиётнинг бир неча таянч нуқтасига кучли зарба берган.
Энергетика хавфсизлиги ва Осиё бозоридаги тебраниш
Ҳурмуз бўғози орқали аввал кунига 20 миллион баррель нефть ўтган. Бу ҳар сонияда тахминан 30 тонна дегани. Жаҳон нефть савдоси чорак қисмини ташкил қилган ушбу оқимнинг 80 фоизи Осиё (44 фоизи Ҳиндистон ва Хитой)га йўналтирилган. Дунё миқёсида суюлтирилган табиий газ (СТГ) савдосининг қарийб 19 фоизи ҳам айнан шу бўғоз орқали ўтган. Қатар ўз СТГ экспортининг 93, Саудия Арабистони эса 96 фоизини айни йўлак орқали амалга оширган.
Ҳарбий ҳаракат таъсирида кема қатнови тўхташи қатор давлатларга дарҳол таъсир кўрсатди:
• Хитой: Мамлакат инқирозга тайёр экан. Давлат ва тижорат захирасида тўпланган 1 миллиард баррелдан ортиқ нефть эвазига Хитой узилган таъминотни қарийб 7 ой давомида қоплаш имконига эга. Бу инқирозга олдиндан тайёргарлик кўриш жуда муҳимлигини кўрсатувчи ёрқин мисол.
• Индонезия: Хом нефтнинг 25, газнинг 30 фоизини Яқин Шарқдан олувчи бу давлатда ёнилғи нархи ошиши иқтисодий муаммо даражасидан чиқиб, сиёсий хавфга айланмоқда. Ҳукумат ижтимоий барқарорликни сақлаш учун ёнилғи субсидиясини сақлаб қолишга уринмоқда. Афсуски, нефть қимматлашиши ва валюта курси тебраниши давлат бюджети тақчиллигини кескин кучайтирмоқда.
• Сингапур: Мамлакат электр энергиясининг 94 фоизи газ ёрдамида ишлаб чиқарилади. Қатардан келувчи СТГ таъминотидаги узилиш сабаб, бозор қимматроқ муқобил газ сотиб олишга мажбур бўлди. Натижада юқори нарх бутун тизимга таъсир қилиб, оддий аҳоли учун электр энергияси тарифи ошиши юзага келди.
Озиқ-овқат хавфсизлиги ва қишлоқ хўжалигига зарба
Ҳурмуз бўғози орқали нафақат энергия ресурслари, балки жаҳон ўғит савдосининг тахминан учдан бир қисми ҳам ташилади. Форс кўрфазининг беш давлати жаҳон аммиак савдосининг 23, карбомиднинг 34 ва аммоний фосфатнинг 18 фоизини таъминлаб келган. Денгиз орқали ўғит етказиб бериш тўхташи бевосита ҳосилдорликка таҳдид солмоқда. Бунга қатор давлатлар мисол бўла олади:
• Австралия ва Европа: Австралиялик фермерлар буғдой экишни қисқартиришга мажбур бўлмоқда. Буюк Британия каби азот ўғити импортига қарам давлатларда нарх кескин кўтарилиб, етказиб бериш муддати мавҳумлашган.
• Осиё ва Африка: Ҳиндистонда ўғит ишлаб чиқариш камайди, Судан ва Сомали каби қишлоқ хўжалиги импортига қарам давлатларда озиқ-овқат нархи кескин кўтарилди.
• Глобал хавф: Таҳлил можаро узоқ давом этса ва нефть нархи 100 доллардан тушмаса, дунёда озиқ-овқат етишмовчилигидан азият чекаётганлар қаторига яна 45 миллион киши қўшилиши мумкинлигини кўрсатмоқда.
Глобал логистика занжири узилиши ва авиация инқирози
Денгиз савдоси тартиби бузилиши нафақат ёнқилғи ва ўғит, балки кундалик истеъмол товарлари логистикасини ҳам издан чиқарди. Масалан, Шарқий Африка мамлакатлари Хитойдан оладиган миллиардлаб долларлик ускуна, дори-дармон ва тўқимачилик маҳсулотлари Дубайдаги Жобил Али порти орқали ўтарди. Бўғоз ёпилгач, шу юк қуруқлик ва айланма денгиз йўли орқали ташиляпти. Бу эса кечикиш, божхона муаммоси ва шартномалар 70 фоизгача қимматлашиб, харажат кескин ошишига сабаб бўлди.
Авиация соҳаси ҳам оғир аҳволда. Дори, электроника, чип ва тез бузилувчи маҳсулотлар ташиладиган авиа карго йўналиши фалаж ҳолатга тушди. Европа ва Яқин Шарқ ўртасида ҳаво қатнови қарийб ярмига қисқарди. Дубай халқаро аэропортида минглаб рейс бекор қилиниши оқибатида миллионлаб одам учун мўлжалланган инсонпарварлик ёрдами, жумладан Ливан, Яман ва Сомали учун тиббий юк манзилга етмай қолиб кетди.
Қолаверса, Форс кўрфази давлатлари ҳам йирик истеъмол бозори ҳисобланади. Бразилиядан ҳудудга келадиган гўшт ва маккажўхорини етказиб бериш муддати ўртача 15 кунга чўзилди.
Жаҳон иқтисодиётининг янги воқеликка мослашуви
Можаро бутун дунё иқтисодиётини қайта қуришга ундамоқда:
Европа: Сиёсий майдонга атом энергетикаси мавзуси қайтди. Еврокомиссия янги ядро технологиялари учун йирик сармоявий кафолат ажратишни режалаштирмоқда, атом генерализацияси қисқартирилиши стратегик хато сифатида баҳоланмоқда.
Янги етказиб берувчиларни излаш: Тайвань ва Жанубий Корея ўз энергия хавфсизлигини таъминлаш мақсадида АҚШ, Австралия ва Қозоғистон билан узоқ муддатли барқарор шартномалар имзолашга киришди.
Муқобил йўналишлар: Яқин Шарқнинг ўзида Ҳурмуз бўғозини айланиб ўтувчи қуруқликдаги қувурлар, масалан Арабистон ярим ороли орқали Ўрта Ер денгизига чиқувчи йўналишлар лойиҳалари фаол муҳокама қилинмоқда. Мавжуд қувурлар тўлиқ қувватда ишлатиляпти.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, Эрон атрофидаги зиддият ва Ҳурмуз бўғози қамал қилиниши шунчаки минтақавий хусусиятга эга можаро эмас, балки давлатлар бюджети, электр тармоқлари, қишлоқ хўжалиги, денгиз логистикаси ва турли қитъалардаги ташқи савдога сезиларли зарба берди. Эндиликда жаҳон ҳамжамияти олдидаги асосий масала нафақат низо тезроқ бартараф қилинишига эришиш, балки инқироздан сўнг халқаро иқтисодиёт қандай янги қоида ва тизимлар асосида ишлашини белгилаб олишдан иборатдир.
Абдуазиз Хидиров,
ЎзА шарҳловчиси