Форишда шеърият ва дўстлик байрами
Жиззах вилоятининг Фориш тумани Ухум қишлоғидаги 14-умумтаълим мактабида тожик адабиётининг икки атоқли намояндаси таваллудлари – Мирзо Турсунзоданинг 110 йиллиги ва Лойиқ Шералининг 80 йиллигига бағишланган адабиий-бадиий анжуман бўлиб ўтди.
Республика Тожик миллий маданий маркази Фориш тумани ҳокимлиги билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда ҳудуддаги ва қўшни Навоий вилоятининг Нурота туманидаги тожик тилида ўқитиладиган мактабларнинг ўқувчилари, шеърият мухлислари, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси аъзолари, адабиётшунослар, жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Ўзбек ва тожик халқлари ўртасидаги яқин дўстлик ва қардошлик ришталари тарихи уларнинг маданияти, адабиётидаги муштараклигида, шоиру ёзувчиларининг ҳамкорлигида, ижодида янада ёрқин акс этган.
Ана шу дўстликни мустаҳкамлашга Тожикистон халқ шоири, Меҳнат Қаҳрамони, Тожикистон Фанлар академияси академиги, тожик драматургиясининг асосчиларидан бири Неру, Рудакий, Жамол Абдул Носир мукофотлари соҳиби Мирзо Турсунзода улкан ҳисса қўшган ижодкор. Маълум вақт Тошкентда яшаган ва ўқиган шоир Ўзбекистон ва ўзбек халқи ҳаёти ҳақида асарлар ёзган, Ойбек, Faфур Ғулом, Шайхзода, Зулфия, Миртемир ва атоқли ижодкорлар ҳамкорлик қилган.
Ҳозирги замон тожик адабиётининг йирик вакилларидан бири Тожикистон халқ шоири, Рудакий номидаги Давлат мукофоти, Халқаро “Нилуфар” мукофоти совриндори Лойиқ Шерали ижоди билан ҳам ўзбек шеърият мухлислари яқиндан таниш, кўплаб асарлари ўзбек тилига тажима қилинган.
Кечада сўз олган Фориш тумани ҳокими Икром Матиев, Республика тожик миллий маданий маркази раиси Гуландом Субхонова, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси аъзолари Тўхтамиш Тўхтаев (Пайхон), Абдулла Субхон ва бошқалар тожик адабиётининг икки улкан намояндаси асарлари, жамоатчилик фаолияти билан икки халқ ўртасидаги Навоий ва Жомий улуғлаган дўстликни янада мустаҳкамлашга қўшган катта ҳиссаси ҳақида алоҳида тўхталиб ўтди.
Анжуманда Мирзо Турсунзода ва Лойиқ Шерали шеърлари ёддан ўқилди.
Тадбирда туман ҳокими қишлоқдаги мактабга тожик тилидаги 20 та китоб совға қилди.
– Тожик халқининг икки катта шоири юбилейига бағишланган тадбирнинг Ухум қишлоғида ўтказилаётганида ҳам чуқур маъно бор, – дейди тожик миллий маркази Жиззах вилоят филиали раҳбари Абдукарим Шарипов. – Нурота тоғлари этакларидаги Фориш тумани ҳудудида азалдан ёнма-ён яшаб келаётган ўзбек ва тожиклар дўстлиги икки халқ ўртасидаги азалий яқинлик, қардошликнинг амалдаги ёрқин ифодасига айланган. Шу боис икки шоир юбилейига бағишланган ушбу адабий кеча ҳам чинакам дўстлик байрами сифатида ўтди.
Тошкентлик санъаткорлар ва Ўзбекистон давлат флормонияси Бухоро вилоят бўлими қошидаги “Мавриги” халқ ансамбли ижросидаги концерт тадбир иштирокчиларига хуш кайфият улашди.
Тошқул Бекназаров, Юрий Старожук(сурат), ЎзА