Форишда 30 йилликка қандай тайёргарлик кўрилмоқда?
65 та умумтаълим мактабига олиб борувчи йўллар таъмирланяпти
Мамлакатимиз мустақиллигининг 30 йиллик тантаналари ва янги ўқув йилини муносиб кутиб олиш мақсадида – Жиззах вилоятининг Фориш туманидаги барча – 65 та умумтаълим мактабида тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда.
Ушбу тайёргарлик жараёнида туман ҳокимининг ташаббуси билан умумтаълим мактаблари бинолари ва мактабларга олиб борувчи ички йўллар сифатли таъмирланиб, амалга оширилаётган барча ишлар туман ҳокимлигининг қатъий назоратига олинган.
Жумладан, “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” Давлат дастури доирасида туман ҳокими Икром Матиев 1-сектор ҳудудидаги Амир Темур номли маҳалла фуқаролар йиғини “Ётоқ” қишлоғида бўлиб амалга оширилаётган ободонлаштириш ва ҳудуддаги 25-сонли умумтаълим мактабининг 2021-2022 янги ўқув йилига тайёргарлик ҳолатини ўрганди, ички йўлларни таъмирлаш ишларининг бориши билан танишди.
Таъкидлаш жоиз, ҳокимликнинг бевосита кўмаги билан мактабга олиб борувчи беш юз метр ички йўл таъмирланиб, қум-шағал ётқизилди ва текисланмоқда.
Туман ҳокими Форишдаги бошқа умумтаълим мактабларида ҳам бўлиб, олиб борилаётган тайёргарлик ишларини кўздан кечирди. Таълим муассасаларига элтувчи ички йўлларда амалга оширилаётган таъмирлаш ишларини тезлаштириш, бу юмушларни мамлакатимиз мутақиллигининг 30 йиллиги тантаналарига қадар якунлаш юзасидан йўл қурилиши мутасаддиларига аниқ кўрсатма ва топшириқлар берди.
[gallery-3354]
“Геобазальт продукт” маҳсулотлари 100 фоиз хорижга экспорт қилинаётир
Фориш туманидаги “Геобазальт продукт” масъулияти чекланган жамиятида ҳам мамлакатимиз мустақиллигининг 30 йиллигини нишонлашга қизғин ҳозирлик кўрилаётир.
Энг улуғ, энг азиз байрамимиз арафасида корхона жамоаси базалът толасидан геосетка ишлаб чиқаришни тўлиқ йўлга қўйди.
Лойиҳанинг умумий қиймати 100 миллиард 560 миллион сўм бўлиб, 30 миллиарди ташаббускор маблағи ва 70 миллиард 560 миллион сўми банк кредит маблағлари ҳисобидан амалга оширилди.
Корхонада базальт толасидан геосетка ишлаб чиқаришга мўлжалланган барча ускуналар хориждан олиб келиб ўрнатилди. Бугунги кунда ишлаб чиқарилаётган ушбу қимматбаҳо маҳсулот юз фоиз хорижга экспорт қилинмоқда.
Мазкур лойиҳанинг тўлиқ ишга туширилиши натижасида 128 нафар форишлик ёш доимий иш ўрнига эга бўлди.
“Геобазальт продукт” масъулияти чекланган жамияти ўз фаолиятини бошлагаши биланоқ, Марказий Осиё ва Европа давлатларига 336 минг 100 АҚШ доллари миқдорида базалът толасидан тайёрланган қимматбаҳо геосетка маҳсулоти экспортини амалга оширгани мамлакатимиз мустақиллигига муносиб туҳфадир.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА