Самарқандда Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси ҳамда Франция тараққиёт агентлиги (AFD) ҳамкорлигида амалга оширилаётган “Чорвачилик соҳасини барқарор ривожлантиришни молиялаштириш” лойиҳаси доирасида медиа-тур ўтказилди.
Дастлаб, медиа-тур қатнашчиларига мазкур лойиҳа ҳақида маълумот берилди.
– Умумий қиймати 147,1 миллион еврони ташкил этувчи ушбу стратегик лойиҳа 2022-2026 йилларга мўлжалланган бўлиб, чорвачилик соҳасига хорижий технологияларни жорий этиш ва иқлим ўзгаришига мослашган “яшил” иқтисодиётни қўллаб-қувватлашга қаратилган, – дейди лойиҳа раҳбари Олег Ли. – Лойиҳа нафақат чорва моллари сонини кўпайтириш, балки иқлим ўзгаришига мослашган, ресурс тежовчи ва юқори даромадли чорвачилик моделини яратишга хизмат қилмоқда. Кредит линиясининг 70 фоизи иқлимга салбий таъсир кўрсатмайдиган “яшил” инвестициялар учун йўналтирилади. Шунингдек, тадбиркорларга кредит суммасининг 50 фоизигача кафиллик тақдим этилмоқда. Бугунги кунга қадар 26 та субъектга 8,8 миллиард сўмлик кафиллик берилди.
Эътиборли жиҳати лойиҳа доирасида чорвачилик йўналишида 100 минг еврогача (сўм эквивалентида) кредит олган тадбиркорларга лойиҳа ишга тушгандан сўнг кредитнинг 40 фоизигача бўлган қисми грант сифатида қайтариб берилади. Бу албатта, тадбиркорлар учун катта молиявий рағбат ҳисобланади.
Лойиҳа бошидан буён 321 та сублойиҳа молиялаштирилган. Натижада 3085 та, жумладан, хотин-қизлар учун 825 та янги иш ўрни яратилди. 249 та қишлоқ хўжалиги техникаси, 11 минг бошдан зиёд қўй-эчки, 5 минг бош қорамол ва 3,5 миллион бошдан ортиқ парранда сотиб олинди. Сутни қайта ишлаш ва ем-озуқа тайёрлаш бўйича замонавий ускуналар жамланмалари ишга туширилди.
Лойиҳа доирасида республиканинг барча ҳудудларида хотин-қизлар бандлигини таъминлашнинг янги модели – “ижтимоий лифт” тизими жорий этилмоқда. Бунда уй бекаси мақомидаги аёллар расмий тадбиркор бўлиб, доимий иш ўрни ва ижтимоий ҳимоя (пенсия стажи, суғурта) билан таъминланмоқда. Муҳими, бир нафар аёлнинг тадбиркор сифатида иш бошлаши камида 3-5 қўшимча иш ўрни (ем етказиш, сут йиғиш ва ветеринария) яратилишига хизмат қилмоқда.
Медиа-тур қатнашчилари мазкур лойиҳада иштирок этаётган Самарқанд туманидаги балиқчиликка ихтисослашган “CMT-SPEKTR-YOIM” масъулияти чекланган жамияти, Оқдарё туманидаги “ZARAFSHON-LOHMANN-PARRANDA” парандачилик корхонаси ва Булунғур туманидаги “BESH BOLA BAXT IQBOL NUR” чорвачилик фермер хўжалиги фаолияти билан танишди.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири