“Фитрат” драмаси томошабинларга манзур бўлди
Давлат раҳбари жорий йилнинг 22 декабрь куни Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида театр ва музейларни ривожлантириш масаласига алоҳида тўхталди.



Президент давлат органлари ва муассасаларида ҳар ойнинг бир кунини “Театр куни” деб эълон қилишни таклиф этди. Ходимларнинг театрларга боришини йўлга қўйиш мақсадга мувофиқлигини алоҳида таъкидлади. Таклифдан келиб чиқиб Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов бошчилигидаги вилоят, шаҳар-туманлар секторлари, ҳокимлик бўлинмалари раҳбарлари, вилоят, шаҳар-туманлар ҳоким ўринбосарлари, корхона, ташкилот, муассасалар мутасаддилари, таълим муассасалари жамоалари ва уларнинг оила аъзолари вилоят мусиқали драма театрига борди.



Томошабинларга бухоролик таниқли шоир, “Дўстлик” ордени совриндори Зикрилла Неъмат асари асосида театрнинг ёш режиссёри Лазиз Наврўзов томонидан саҳналаштирилган “Фитрат” тарихий драмаси намойиш этилди. XX аср ўзбек адабиёти, фани ва маданиятининг йирик вакили, қомусий билимга эга олим, адабиёт назариячиси, ўткир тилшунос, бетакрор драматург ва шоир, жанговар публицист, ношир ва журналист, талантли давлат ва жамоат арбоби, Туркистон жадидчилигининг ёрқин сиймоларидан бўлган Абдурауф Фитрат аччиқ ҳаёти ва изтиробли фаолияти ҳақида ҳикоя қилувчи ушбу саҳна асари театрга йиғилганларда катта таассурот қолдирди.


–Куни кеча ўтказилган Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида давлатимиз раҳбари мамлакатимиз ўз тараққиётининг янги, юксак босқичига кираётган ҳозирги пайтда бизга жадид боболаримиз каби ғарб илм-фан ютуқлари билан бирга, миллий қадриятлар руҳида тарбия топган етук кадрлар сув билан ҳаводек зарурлигини қайд этди, –дейди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Шодмон Сулаймонов. – Ўтган аср аввалида юртимизда вужудга келган ана шу жадидчилик ҳаракатининг йирик намояндаларидан бири, шубҳасиз, Абдурауф Фитрат эди. Миллий истиқлол йилларида Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Республикаси давлат мукофоти билан тақдирланган алломанинг ҳаёти ва фаолиятини ўрганиш, тадқиқ ва тарғиб этиш ўз даври учун нечоғли аҳамият касб этган бўлса, бугунги кун учун ҳам шундай муҳимдир. Шу жиҳатдан бугун намойиш этилган саҳна асари давлатимиз раҳбари эътироф этганидек, маърифатпарвар аждодларимизнинг мероси бугун биз қураётган ҳуқуқий демократик давлат ва фуқаролик жамияти учун пойдевор бўлиб хизмат қилиши табиий.
Вилоятда раҳбар-ходимлар ва уларнинг оила аъзоларини бу каби театр томошаларига ташрифини доимий ташкил этиш бўйича зарур чора-тадбирлар белгиланди.
Зариф Комилов,
ЎзА мухбири