Фитосанитария талаблари енгиллаштирилади
Сўнгги йилларда мамлакатимиз аҳолисини озиқ-овқат билан таъминлаш, бозорларда нарх-наво барқарорлигини сақлаш ҳамда ижтимоий аҳамиятга эга маҳсулотларни олиб киришда тадбиркорларга кенг имкониятлар яратилмоқда. Шу билан бирга, импорт ҳисобидан қопланадиган озиқ-овқат маҳсулотларини олиб киришда ташқи савдо талабларига мувофиқ бўлмаган бюрократик тўсиқлар сақланиб қолмоқда.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги «Миллий тикланиш» демократик партияси фракциясининг йиғилишида муҳокама қилинган «Фитосанитария талаблари енгиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг «Ўсимликлар карантини тўғрисида»ги Қонунига қўшимча ва ўзгартириш киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси ана шундай тўсиқлардан бирини олиб ташлашга қаратилган.

Яъни, лойиҳада халқаро амалиётдан келиб чиқиб, фитосанитария сертификати талаб этилмайдиган товарларни импорт қилишда экспорт қилувчи давлатнинг фитосанитария сертификатини талаб этиш амалиётини бекор қилиш назарда тутилмоқда.
Амалдаги қонунга кўра, карантин остидаги маҳсулотни олиб киришга карантин рухсатномаси, экспорт қилувчи мамлакатнинг ўсимликлар карантини ва уларни ҳимоя қилиш бўйича давлат органлари томонидан бериладиган фитосанитария сертификати ёки гувоҳномаси мавжуд бўлган тақдирда йўл қўйилади.
Мазкур қонун лойиҳаси ушбу бюрократик тўсиқларни бартараф этиш ва фитосанитария талабларини енгиллаштиришга, бу орқали тадбиркорларга янада қулайликлар яратиш, аҳолининг сифатли озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талабини қондириш ва ички бозорларда нарх-наво барқарорлигини таъминлашга хизмат қилади.
Муҳокамаларда фракция аъзолари лойиҳа юзасидан ўз таклифларини, фикр-мулоҳазаларини билдирди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА