Фирибгарнинг сохта ҳужжатлари фош этилди
Сохта ҳужжатлар тайёрлаш орқали бошқа олий таълим муассасасига ўқишини кўчириб бериш эвазига 20 миллион сўм миқдоридаги пулларни алдов йўли билан қўлга киритган шахс фош этилди. Бу ҳақида Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати маълум қилди.
Бухоро вилояти ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари томонидан тезкор тадбир ўтказилди.
Натижада Бухоро шаҳар Гулшан кўчасида яшовчи, 1988 йилда туғилган фуқаро Ҳ.Ҳ. исмли аёл бошқа бир фуқарони алдаб, уни Қирғизистон Республикасидаги Тиббиёт университетининг 1- ва 2-босқичларини ўқиганлиги тўғрисида сохта ҳужжатларни тайёрлаб, Бухоро шаҳридаги Халқаро Осиё университетининг Фармацевтика йўналиши бўйича 3-босқичига кўчириб бериш эвазига 26 миллион сўм пулларни беришини талаб қилади. 2023 йил 10 июнь куни соат тахминан 18:00 ларда Бухоро шаҳар Мироншоҳ тўйхонаси тўғрисида жойлашган эркаклар кийим дўконида кимёвий ишлов берилган 20 миллион сўм пулларни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланади.
Мазкур ҳолат юзасидан фуқаро Ҳ.Ҳ. га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 168-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилади. Ушбу шахснинг бошқа худди шу турдаги фош этилмасдан қолаётган жиноятларга алоқадорлигини аниқлаш юзасидан тезкор суриштирув ҳамда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА