Фирибгар талабаларнинг режаси амалга ошмади
Бухоро давлат университетига ўқишга киритишни ваъда қилиб фирибгарлик қилган талабалар қўлга тушди.
Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати маълум қилди.
Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси Жиноят қидирув бошқармаси ходимлари томонидан тезкор тадбир ўтказилди.
Аниқланишича, Ғиждувон тумани, Пахтаобод маҳалласида яшовчи, 1997 йилда туғилган Тошкент Давлат аграр университетининг 4-босқич талабаси фуқаро И.О. ва Самарқанд вилояти Нарпай тумани Тошрабод маҳалласида яшовчи, 2000 йилда туғилган Тошкент Ахборот технологиялари университетининг 3-босқич талабаси фуқаро У.Ш. биргаликда фуқаро Қ.Ж.нинг ишончига киради. Уни Бухоро давлат университетининг иқтисод факультетига ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилишади.
Натижада Бухоро шаҳар А.Ғиждувоний кўчасида жойлашган Тери-таносил касалликлари шифохонаси ёнидаги автотураргоҳда кимёвий ишлов берилган 60 миллион сўм пулларни фирибгарлик йўли билан олаётган вақтда қўлга олинади.
Мазкур ҳолат юзасидан вилоят ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан фуқаро И. О. ва У.Ш. ларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖК. нинг 168-моддаси 2-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА