Фирибгар аёлнинг режаси амалга ошмади
Ғиждувон туманида пора эвазига таълим масканига ишга киритиб қўйишни ваъда қилган фирибгар аёл қўлга тушди. Бу ҳақида Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати маълум қилди.
Ғиждувон тумани ИИБ берган маълумотга кўра, вилоят ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари томонидан тезкор тадбир ўтказилган.
Натижада Ғиждувон тумани Олмазор маҳалласида яшовчи 1986 йилда туғилган фуқаро Ш.В. исмли аёл бошқа бир фуқарони алдаб, унинг ишончига киради. Натижада унга ўзининг ваколатли танишлари орқали тумандаги 5-сонли ИДУМда компьютер техник оператори лавозимига ишга киритиб қўйиш эвазига 200 АҚШ доллари миқдорида пора талаб қилади. 2023 йил 15 июнь куни тахминан соат 11:10 ларда ушбу таълим муассасаси олдида фуқаро С.Н. дан кимёвий ишлов берилган 2 миллион 500 минг сўм пулларни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланади.
Мазкур ҳолат юзасидан фуқаро Ш.В. га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 168-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА