Халқимизда бировнинг ҳақидан ҳазар қилиш, ҳаром луқмадан узоқроқ бўлиш ҳақида кўплаб ибратомуз ўгитлар бор.
Бундай ўгитларга амал қилганлар ҳалол, покиза яшайдилар. Аммо амал қилмайдиганлар эса ҳам жиноятчи, ҳам гуноҳкор тамғасини оладилар. Бундай одамлар оз бўлса-да орамизда борлиги жамият ривожига ҳам, одамларнинг фаровон турмуш кечиришига ҳам салбий таъсир қилади. Бир кун келиб қилмишлари фош бўлганида эса қонун олдида жавоб бериб, тегишли тартибда жазо оладилар.
Қарши туманида яшовчи Соҳиба Тўраева (исм-шарифи ўзгартирилган) ҳам фирибгарлик йўли билан бировларнинг мулкига, маблағига эга чиқиб, аросатда қолган аёллардан. У масъул лавозимда ишлаб туриб, маҳалласига доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида берилган қиймати 20 миллион сўмга яқин бўлган бинони танишига анча арзон — 7,5 миллион сўмга келишиб, сотишга эришади. Бу савдо шунчалик хуфиёна амалга ошириладики, бирорта тегишли ташкилотларнинг розилиги, рухсати олинмайди.
Фирибгар аёл ноқонуний равишда олди-сотди шартномасини расмийлаштириб, 1 миллион сўм пулни фуқаролар йиғини ҳисоб рақамига кирим қилади. Қолган 6,5 миллион сўм пулни эса ўз манфаати йўлида ишлатиб юборади. У бу хатти-ҳаракатлари билан 20 миллион сўмга яқин маблағни талон-торож қилади.
Бундан ташқари, С.Тўраева жиноий ҳаракатларини такроран давом эттириб, туман тадбиркорлари ва фермер хўжаликлари томонидан ҳомийлик учун ажратилган маблағларни маҳаллада яшовчи кам таъминланган оилалар рўйхатида турмайдиган ва моддий ёрдам сўраб мурожаат қилмаган 7 нафар фуқарога жами 12 миллион 50 минг сўм маблағни моддий ёрдам пуллари ажратиш бўйича “Халқ банки” АТБ Бешкент филиалига рўйхат беради.
Моддий ёрдам тайинлаш ҳақида комиссия қарори бўлмаган ушбу фуқароларга ноқонуний равишда моддий ёрдам пули ўтказиб, ушбу фуқароларнинг пластик карточкаларини қўлга киритиб, бу пулларни шахсий манфаатлари йўлида ишлатиб юборади.
У яна фирибгарликдан ташқари моддий ёрдам пулларини қўлга киритиш мақсадида ҳужжатларни қалбакилаштириб, сохта ёзув ва маълумотлар тайёрлаган.
Қилмиш – қидирмиш, дейди халқимиз. Бу каби нопок кимсалар, албатта, қонун олдида жавоб беради. Соҳибахон ҳам эртанги тақдирини бирров кўз олдига келтириб фаолият юритганда, фирибгарга чиқиб қолмас, ўзгалар мулкини талон-торож қилмас эди. Унинг жинояти тегишли тартибда кўриб чиқилди ва унга нисбатан жазо чоралари қўлланди.
Еганнинг қусмоғи ҳам бор, деганларидек, ушбу фирибгар аёл ҳам талон-торож қилган пуллари ва жарималарни тўлайдиган бўлди. Ажаб эмаски, у бундан тўғри хулоса чиқариб олса?!
Нурбек АБДУЛЛАЕВ,
Қашқадарё вилоят жиноят
ишлари бўйича суди судьяси
ЎзА