FINA мукофот жамғармасини кўтармоқда
Халқаро сузиш федерацияси (FINA) жорий йилнинг 16-21 декабрь кунлари Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрида сузиш бўйича бўлиб ўтадиган 15-жаҳон чемпионатининг мукофот жамғармаси 2,8 миллионга кўтарилишини эълон қилди.
Бу ҳақда "Токио-2020" ўйинларининг сузиш баҳсларини кузатиб бораётган FINA президентлигига бундан икки ой муқаддам сайланган Ҳусейн Аль-Мусаллам журналистлар билан мулоқотда эълон қилди, дея хабар тарқатди "Токио-2020" ўйинлари матбуот хизмати.
FINA президентлиги билан бир вақтда Осиё олимпия кенгашининг бош директори вазифасини олиб бораётган Ҳусейн Аль-Мусаллам сузиш бўйича бошқа йўналишлардаги мусобақаларда ҳам мукофотлар миқдори 50 фоизга оширилишини айтиб, “спортчилар бу спорт турининг юраги ҳисобланади. Шунинг учун уларни қадрлаш ва муносиб тақдирлаш фаолиятимизнинг асосини ташкил қилади”, дея иқтибос келтириб ўтган.
Айтиш лозимки, сузиш бўйича 2018 йили Хитойнинг Ханчжоу шаҳрида ўтказилган 14-жаҳон чемпионатининг мукофот жамғармаси 2 млн. 70 минг долларни ташкил этган.
Тўлқин Рўзиев