Фильмларимизнинг яна бир халқаро эътирофи
“Бриллиантовая бабочка” (“Олмос капалак”) кино мукофотига тавсия этилган бир қатор фильмлар I Мари халқаро этник кинофестивали ғолиблари сафидан ўрин олди. Улар орасида ўзбек ва туркман киночилари томонидан ишланган "Махтумқули Фироғий" бадиий фильми ҳам бор.
Ўзбекистон Кинематография агентлиги ахборот хизматига кўра, Россия Федерациясининг Йошкар-Ола шаҳрида ўтказилган I Мари халқаро этник кинофестивали якунларига кўра, Россия, МДҲ давлатлари ҳамда Осиё ва Европанинг қатор мамлакатларидан ташриф буюрган ижодкорлар иштирокидаги 30 га яқин фильм орасидан энг муносиб асарлар эътироф этилди.
Фестиваль ғолиблари қаторидан Биринчи Очиқ Евроосиё кино мукофоти — “Бриллиантовая бабочка” (“Олмос капалак”) доирасида тақдим этилган фильмлар ҳам муносиб ўрин эгаллади.
“Бош ролдаги энг яхши эркак актёр ижроси” мукофоти эса Ўзбекистон ва Туркманистон ҳамкорлигида суратга олинган, режиссёр Музаффархон Эркинов томонидан ишланган “Махтумқули Фироғий” бадиий фильмидаги ижроси учун Чари Бердиевга насиб этди.
Шунингдек, фестивалнинг бошқа бир қатор номинациялари бўйича ҳам энг яхши фильмлар эътироф этилди.
Халқаро майдондаги бундай ютуқлар миллий кинематографиянинг нуфузи ортиб бораётгани, маданий хотира, миллий ўзлик ва умуминсоний қадриятларни тарғиб этувчи экран асарларига бўлган қизиқиш тобора кучайиб бораётганини яна бир бор тасдиқлайди.
Н.Усмонова, ЎзА